27.01.2025 09:45

“Чиннигул ва тикан” – Яҳё Синвар (қисса, 25-қисм)

Марҳум қўмондон, Фаластиннинг ҲАМАС озодлик ҳаракати етакчиси Яҳё Синварнинг “Чиннигул ва тикан” асарини эълон қилишда давом этамиз. 25-қисм. 


Бу зиёратда менга Маҳмуд акам билан ҳол-аҳвол сўрашиш насиб қилди фақат. Онамга  «Хайр ойи!», - деганда менга ҳам  «Хайр Аҳмад!», - деганинигина эслайман. Зиёратнинг асосий қисми онам акамдан аҳволини, қўйишмоқчи бўлган айблов ҳақида сўраш билан ўтди. Муҳими, бу учрашувдан кейин онамнинг руҳий ҳолати бироз табиий ҳолатига қайтганди.

Маҳмуд акам Ғазо қамоқхонасининг  «Б»  қисмига киритилди. Бу қисм  - энига уч метр келадига узун йўлакнинг икки тарафиди жойлашган саккиз хонадан иборат. Ҳар бир хона ўн беш квадратдан йигирма беш квадратгача. Ҳар бир хонани бир неча деразаси ва мустаҳкам темир эшиги бор. Хона бурчакларидан бирига ҳожатхона қилинган. Ҳар бир хонага йигирма кишидан кам бўлмаган маҳбус киради. Ерга чойшаб солиб, ёнбошлаб ётишади. Осмонга қараб ётса сиғмай қолади. Шунинг учун ҳам ўнг томондан чапга ағдариламан деса, ўрнидан туриб ўзгартирмаса иложсиз эди. Кимдир зарурат билан ҳожатга турадиган бўлса, хонадошлари устидан сакраб ўтишга тўғри келарди. Қайтиб келганида, жипс ётганлар сирпаниб, жой етмай қоларди. Эрталаб соат олтида карнайдан назорат вақти бўлгани эълон қилиниб, чироқлар ёқилади. Посбонлар хоналар қўнғироғини босиб, маҳбусларни уйғотади. Шу он ҳамма маҳбуслар жойларини йиғиштириб, назоратчининг келишини кутиб туриши керак бўлади. Бордию қайсидир маҳбус кечикиб қолса, посбонлар кириб аёвсиз дўппослайдилар. Шундай қилиб бир тўда маска кийган, қўлида дубинка ва кўздан ёш оқизадиган газлар кўтарган зобитлар бир посбон бошчилигида кириб келишади.
Маҳбуслар бу пайт икки саф бўлиб терилиб туришлари лозим. Хонама хона одамларни бор-йўғини текшириб, сўнг бошқа қисмларга ўтиб кетишади. Ана ундан кейин тонги назорат тугаганини билдириб яна сигнал беради. Сўнг нонушта бериш бошланади. Одатда нонуштага бир-икки бурдадан нон, озгина масло, озгина мураббо ва баъзан яримта қайнатилган тухум билан таъми ва ранги чойга ўхшаш ичимлик берилади.
Маҳбуслар навбатма навбат юз-қўлларини ювгач, нонуштага ўтиришарди. Баъзан, ҳожатхона олдида бир маҳбус ичаклари буралиб, ерга юмалаб қолар, ичкаридаги хонадошига тезроқ чиқишини айтиб бақираётган бўларди. Нонуштадан сўнг посбонлар иккита-иккита хона маҳбусларини саҳнига олиб чиқиб, бадантарбия қилдиради. Саҳниси чор атрофдан баланд деворлар билан ўралган. Девор устидан тикан сим тортилган. Майдони эса бир юз йигирма квадрат келади. Маҳбуслар хонадан чиқар экан, бошини тик кўтариши, ўнга-сўлга қараши мумкин эмасди. Қўлларини орқага қилиб, бошини ерга эгиб саҳнига чиқишади, кейин ҳалқа шаклида бўлиб, юра бошлайди. Ҳалқа ўртасида дубинка кўтарган посбонлар туради. Кимда ким оғзини очса, ўнга ё чапга қараса, секин ё тез юриб қўйса, қўлидаги матоҳи билан ҳам солади. Камига оёқ қўли билан ҳам уради. Шу тарзда бир соат атрофида айланишгач, хоналарига қайтарилади. Хонада ҳар ким ўзининг чойшаби устида ўтириши лозим. Ҳалқа бўлиб ўтиришга, ўзаро суҳбатлашишга рухсат берилмасди. Ким интизомли бўлмаса, яна насибасини оларди ёки алоҳида хонага олиб қўйиларди.
Тушлик вақтидан олдин кунги назорат бўларди. Назоратдан кейин тушликка ўтиришади. Тушлик учун бир-икки бурдадан нон, бироз зиравор, шўр таъмга эга ичимлик, бироздан гуруч, гоҳида қайнатилган картошка ва қовурилган бақалажон берилади. Тушликни олган маҳбуслар егуликни тез тановул қилишни бошлаганидан қўлларига олгандай ҳам бўлмасди. Тушликдан сўнг баъзилар идишларни юварди, баъзилар деворга суяниб мудроқ билан курашарди. Бўш вақтнинг кўплигидан одамни уйқуси келиб, кўзи илинарди. Буни кўриб қолган посбонлар ухламасликни буюриб ўшқирарди. Чунки, фақат тунда ухлашлари мумкин эди, холос.

Давоми бор...

© 2024 Azon Global. Барча ҳуқуқлар ҳимояланган.