1995 йил 11 июль куни Босния ва Герцоговина шарқидаги Сребреница шаҳрида қуролланган серб айирмачилари ва ҳарбийлари томонидан 8 мингдан ортиқ мусулмон оммавий равишда ўлдирилди. Иккинчи Жаҳон урушидан кейин Европада рўй берган энг йирик қатлиомга 29 йил тўлди.
АҚШнинг American Rounders компанияси Алабама, Оклахома ва Техас штатларидаги озиқ-овқат дўконларига ўқ ва ўқдон сотиладиган ускуналарни ўрнатди. Улардан фойдаланиш планшет каби осон ва қулай экани айтилмоқда. Таҳлилчилар бу мамлакатда кўпроқ оммавий отишмаларга олиб келишидан хавотирда. Биргина Мустақиллик кунида камида 33 киши қуролли зўравонликлардан ҳалок бўлган.
АҚШ ҳарбий-денгиз кучлари томонидан икки ой муқаддам Ғазога гуманитар ёрдамни денгиз орқали ташиш баҳонасида қурилган вақтинчалик сузувчи бандаргоҳ бир неча кун ичида бутунлай демонтаж қилиниши кутилмоқда. АҚШ бюджетига 230 млн долларга тушган пирс 2 ичида бор-йўғи 20 кун ишлади ва Нусейрат лагерида 274 фаластинлик қони эвазига 4 нафар исроиллик асир қутқарилган операцияда таянч пункт вазифасини бажарган эди.
Саудия Арабистони G7 давлатлари музлатилган Россия активларининг қарийб 300 миллиард долларини мусодара қилса, ўзининг Европадаги облигацияларининг бир қисмини сотиши мумкинлигига ишора қилди. Қайд этилишича, Саудия Арабистони сармоясининг ўзи Европа сиёсатини ўзгартириш учун етарли бўлмаслиги мумкин, аммо бошқа давлатлар ҳам Ар-Риёдга эргашса, вазият ўзгариши аниқ.
Францияда илк бор университет профессори хорижий можаро бўйича фикрлариниибилдиргани учун жиноий жавобгарликка тортилди. Сиёсатшунос Франсуа Бургат Исроилнинг Фаластинни босиб олганини танқид қилгани учун "терроризм ташвиқоти"да айбланиб, ҳибсга олинди.
Ироқ суди ИШИДнинг ўлдирилган етакчиси Абу Бакр ал-Бағдодийнинг биринчи рафиқасини ташкилот фаолиятига алоқадорликда айбдор деб топди ва унга нисбатан ўлим жазосини тайинлади. Аёл жангарилар ўғрилаб келган язидий қизларни ўз уйида сақлаб, уларни саралаган ва жинсий зўравонлик учун эрига тақдим этган. ал-Бағдодийнинг учинчи аёли ва бир қизи эса умрбод қамоқ жазосига ҳукм қилинди.
Facebook, Instagram ва WhatsApp эгаси ҳисобланган Meta компанияси «сионист» сўзи ва унинг ҳосилаларини ўз ичига олган постларга нисбатан сиёсатига ўзгартириш киритилишини эълон қилди ва «яҳудийлар» ўрнига «сионизм» сўзи ишлатилган постлар ўчириб ташланиши ҳақида огоҳлантирди. Meta ушбу чекловлар ўзининг яқиндаги "ҳимояланган миллий, ирқий ёки диний хусусиятлар асосларига ҳужумларни тақиқлаш” сиёсатига ҳамоҳанг эканини маълум қилди.
Исроил Ғазо секторида босқинчилик ва қирғинбарот урушини бошлаганига 278 кун бўлди. 24 соат давомида Ғазо сектори, Иордан дарёсининг Ғарбий соҳили ҳамда бутун Яқин Шарқ ҳудудида содир бўлган асосий воқеалар.
Россия қонунчилигига муҳожирларни мамлакатдан чиқариб юборишга сабаб бўладиган ҳуқуқбузарликлар рўйхатини кенгайтириш режалаштирилмоқда. Жумладан, ички ишлар ва бошқа ҳуқуқни муҳофаза қилиш органлари ходимларининг қонуний буйруқларига бўйсунмаслик, миграция рўйхатидан ўтишда ёлғон маълумотлар тақдим этиш ёки тақиқланган ташкилотлар рамзларини кўрсатиш ҳам депортга сабаб бўлиши мумкин.
Ҳиндистон бош вазири Нарендра Моди 8—9 июль кунлари Москвага ташрифи доирасида РФ Қуролли кучлари сафида Украинада уруш олиб бораётган ҳиндистонликларни ортга қайтариш бўйича келишувга эришди. Қайд этилишича, айни пайтда агентлар томонидан юқори лавозимли ишларга таклиф қилиш орқали урушга жўнатилган йигирмага яқин ҳиндистонлик жанг жабҳаларида қолмоқда, 10 нафари ватанга қайтарилган, икки ҳиндистонлик эса урушда ҳалок бўлган.