Саудия Арабистони G7 давлатлари музлатилган Россия активларининг қарийб 300 миллиард долларини мусодара қилса, ўзининг Европадаги облигацияларининг бир қисмини сотиши мумкинлигига ишора қилди, деб хабар беради Bloomberg.
Агентлик манбаларининг қайд этишича, “Катта еттилик” давлатлари дастлаб Бельгия ва АҚШдаги депозитарийларда сақланаётган Россия активларини тўлиқ мусодара қилишни режалаштирган. Бироқ Саудия Арабистони кутилмаганда Россияни ҳимоя қилиб чиққан. 
Унга кўра, Қироллик Молия вазирлиги Украинага ёрдам беришга қаратилган мусодарадан норозилигини билдирган. Бундан ташқари, Ар-Риёд, агар Европа Иттифоқи мусодара қилишга рози бўлса, Европа облигацияларини сотиш билан таҳдид қилди.
Саудия Арабистони евро ва француз облигацияларига катта миқдорда сармоя киритган. Қарз мажбуриятларини рад этиш қисқа муддатда евро курсини қулашига сабаб бўлиши мумкин.
Бироқ Bloomberg мақоласида қайд этилишича, Саудия Арабистони сармоясининг ўзи Европа сиёсатини ўзгартириш учун етарли бўлмаслиги мумкин, аммо бошқа давлатлар ҳам Ар-Риёдга эргашса, вазият ўзгариши аниқ.
Bloomberg, шунингдек, Ар-Риёдда қимматли қоғозлар бозорини бутунлай беқарорлаштириш учун ҳали ҳам етарлича Европа облигациялари йўқлигини таъкидлайди. Бироқ Европа расмийлари Хитой ёки Қатар каби бошқа давлатлар Ар-Риёд мисолидан илҳом олиб, ўз активларидан воз кечишни бошласа, домино эффекти юзага келиши мумкинлигидан хавотир билдирди. Бундай сценарий Россияга қарши санкциялар натижасида мураккаблашган Европанинг иқтисодий муаммоларини янада кучайтириши мумкин.

Мавзуга алоқадор