Деистлар охиратни инкор этиши мумкинми?
Тўққизинчи дарс ва яна бир деистга мурожаат қиламиз:
– Сен имон келтирган Аллоҳ одилми йўқса (зинҳор-базинҳор!) золимми?
Менимча, золим бўлган илоҳга имон келтирмайсан ва яратгувчининг одил эканини қабул қиласан.
Албатта, яратгувчимиз ниҳоятда одил. Бироқ, кўриб турибмизки, инсон фоний дунёда бу адолатнинг ҳақиқатига етиша олмайди. Бу дунёда золим иззатда, мазлум зиллатда яшайди. Ҳолбуки, ҳақиқий адолат мазлумнинг ҳақи олинишини ва золим жазоланишини истайди. Бунинг амалга ошиши учун эса охират келиши керак. Агар охират бўлмаса, адолат ҳам бўлмайди. Одил Зот Раббимиз эса бундай адолатсизликка асло йўл қўймайди.
Демак, Аллоҳнинг адолатига имон охиратнинг борлигига имон келтиришни талаб этади. Агар охират мавжуд бўлса, пайғамбарлар келиши ва самовий китоблар туширилиши керак. Зеро, нима савоб, нима гуноҳ эканини фақат пайғамбарлар билдиради. Улар бўлмаган вақтда самовий китоблар ўргатади. Зотан, деистлар охиратни тан олишса, пайғамбарларни ва самовий китобларни ҳам қабул қилишга мажбур бўлишлари сабабли охиратни инкор этишади.
Хулоса шуки: Аллоҳ одилдир, адолати охиратнинг мавжудлигини талаб қилади. Охиратнинг мавжудлиги эса бизга нариги дунёни англатадиган ва абадий дунёдаги саодатга сабаб бўладиган амалларни ўргатадиган пайғамбарлар ҳамда китобларни талаб этади. Шундай экан, айта оламизки:
* Аллоҳни инкор этолмаган киши Унинг адолатини ҳам инкор этолмайди. Чунки Аллоҳ Аллоҳдир ва албатта одилдир, У Зотга зулм ярашмайди.
* Аллоҳнинг адолатини инкор этолмаган киши эса охиратни инкор этолмайди. Зеро, Аллоҳ модом одилми, мазлумнинг ҳақини золимдан олади. Агар бу дунёда том маънода олмаётган бўлса, бошқа бир оламда албатта олажак. У оламнинг номи эса охират диёридир.
* Охиратни инкор қилолмаган киши пайғамбарларни ва самовий китобларни инкор қилолмайди. Зеро, модом охират олами бор экан, унда пайғамбарлар ва китоблар бўлиши керак. Токи у оламни бизга танитсин, бизни огоҳлантирсин ва нима мумкину нима мумкин эмаслигини билдирсин. Демак, пайғамбарларнинг мавжудлиги Аллоҳнинг ва адолатининг мавжудлиги каби аниқдир.