10.07.2024 10:25

Ҳиндистон Россия билан украин тупроқларида жанг қилаётган фуқароларини қайтариш бўйича келишувга эришди

Россия Мудофаа вазирлиги билан шартнома имзолаган ва Украинадаги ҳарбий амалиётларда қатнашаётган Ҳиндистон фуқаролари хизматдан бўшатилади ва ўз ватанларига қайтарилади. Бу ҳақда Ҳиндистоннинг NDTV телеканали манбаларга таяниб хабар берди.
Телеканалнинг маълум қилишича, Ҳиндистон бош вазири Нарендра Моди 8—9 июль кунлари Москвага ташрифи чоғида президент Владимир Путин билан суҳбатда бу масалани кўтарган.
Қайд этилишича, айни пайтда агентлар томонидан юқори лавозимли ишларга таклиф қилиш орқали урушга жўнатилган йигирмага яқин ҳиндистонлик жанг жабҳаларида қолмоқда.
Ҳиндистон ташқи ишлар вазири Винай Кватранинг айтишича, 30 дан 40 нафаргача ҳиндистонлик Россия қуролли кучлари сафига жалб қилинган бўлиши мумкин, улардан ўн нафари аллақачон ватанига қайтган. Украинадаги урушда икки нафар ҳиндистонлик аскар ҳалок бўлган, уларнинг жасадлари жанг майдонида қолган.
2024 йил февраль ойида Ҳиндистон ҳукумати Россия армиясида жанг қилаётган 20 га яқин фуқароларини ватанга олиб келишга ҳаракат қилишаётганини билдирганди. AFP маълумотларига кўра, улардан баъзилари Россияда "армия ёрдамчилари" бўлиб қолиши мумкин эди. Нашрнинг ёзишича, бир неча ҳинд фуқароларидан вайрон бўлган биноларни демонтаж қилиш сўралган, бироқ етиб келганида уларга “қурол берилган”.
Март ойида Ҳиндистоннинг етти нафар фуқароси видеомурожаат йўллаб, Украинага қарши урушишга алдаб олиб борилганларини айтишганди.
Май ойида Ҳиндистон Марказий Тергов бюроси ёш йигитларни Россия Мудофаа вазирлиги билан шартнома имзолашга мажбурланган ва Украинадаги урушга жўнатган йирик одам савдоси гуруҳининг бир қисми бўлганликда гумон қилинган тўрт кишини ҳибсга олди. Ҳибсга олинганларнинг икки нафари Ҳиндистоннинг жанубий штатларида ишга ёллаш билан шуғулланган, шунингдек, ёллашга ёрдам берганликда гумон қилинган таржимон ва виза агенти ҳам ҳибсга олинган.
CBI маълумотларига кўра, тармоқ фаолияти давомида камида 35 киши ишга олинган. Жиноятчилар жабрланганларга иш топиш ёки хусусий олий ўқув юртларига ўқишга киришда ёрдам бериш баҳонаси билан Россияга боришни таклиф қилган. Ишга қабул қилиш ижтимоий тармоқлар ва маҳаллий компаниялар, жумладан, сайёҳлик агентликлари орқали амалга оширилган.

© 2024 Azon Global. Барча ҳуқуқлар ҳимояланган.