Россия Давлат думаси Ички ишлар вазирлиги томонидан таклиф этилган, муҳожирларнинг мамлакатдан чиқариб юборилишига сабаб бўладиган ҳуқуқбузарликлар рўйхатини кенгайтиришни назарда тутувчи янги қонун лойиҳасини қўллаб-қувватлашга тайёр.
Давлат Думаси раиси Вячеслав Володиннинг телеграм-каналидаги баёнотида айтилишича, янгилик Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекснинг яна 20 моддасига алоқадор. Жумладан, жамоат тартиби ва хавфсизлигига оид ҳуқуқбузарликлар, шунингдек, "экстремистик" хатти-ҳаракатлар.
Шунингдек, бундай ҳуқуқбузарликлар қаторига ички ишлар ва бошқа ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар ходимларининг қонуний буйруқларига бўйсунмаслик, миграция рўйхатидан ўтишда ёлғон маълумотлар тақдим этиш, майда безорилик, ташвиқот ёхуд “нацистларнинг атрибутлари ёки экстремистик ташкилотларнинг рамзлари”ни кўрсатиш ҳам киради.
Володин миграция назорати масаласи ниҳоятда муҳим эканини таъкидлади. Унинг сўзларига кўра, депутатлар “фуқароларнинг кўплаб мурожаатлари” ва сайлов округларидаги муҳокамалар натижаси ўлароқ “муаммонинг жиддийлигидан” хабардор.

Мавзуга алоқадор