Исроил томонидан Ғазо секторида қатлиом бошланганига 111 кун бўлди. Ўтган куннинг асосий воқеалари дайжести.
Саудия Арабистони мусулмон бўлмаган дипломатлар учун мўлжалланган биринчи алкоголь дўконини очишни режалаштирмоқда. Спиртли ичимликлар харид қилиш учун улар мобил иловада рўйхатдан ўтишлари ва Ташқи ишлар вазирлигидан рухсатнома олишлари керак бўлади.
Мўғулистонда қишда ем-хашак етишмаслигидан 180 минг бош чорва нобуд бўлди. Айни пайтда мамлакат ҳудудининг 90 фоизи қор билан қопланган. Бу эса чорва молларининг қор ва муз қопламалари остидан ем-хашак топишини қийинлаштирмоқда. Таъкидланишича, Хитой, Қозоғистон, Ўзбекистон, БАА ва Эрон Мўғилистон гўштининг асосий истеъмолчилар ҳисобланади.
Россия Аэрокосмик Кучларининг Ил-76 самолёти Белгород вилоятида ҳалокатга учради. РФ Мудофаа вазирлиги самолёт бортида Украина Қуролли Кучларининг асирга олинган 65 нафар ҳарбий хизматчиси бўлганини маълум қилди.
АҚШнинг Виржиния штатида Фаластин тарафдори бўлган бир гуруҳ фаоллар президент Жо Байденнинг сайловолди ташвиқоти нутқини бир неча бор тўхтатиб, ишғол остидаги Ғазо секторида содир этилаётган “геноцидни молиялаштиришни тўхтатиш”ни талаб қилишди.
Исроил ҲАМАС қўл остидаги барча маҳбусларни озод қилиш эвазига Ғазо секторига ҳужумларини 2 ойга тўхтатишни таклиф қилди. Бироқ ҲАМАС ушбу таклифни рад этди. Аввалроқ ҳаракат Россиянинг ҳам РФ фуқароларини озод қилиш илтимосига рад жавобини берган эди.
Россия президенти Владимир Путин ва унинг мисрлик ҳамкасби Абдулфаттоҳ ас-Сисий Мисрдаги илк АЭСнинг тўртинчи энергоблоки қурилишини бошлаб берди.
Германия полицияси 19 январь боснияликлар диаспораси томонидан қурилаётган масжидга ўт қўйган икки нафар неонацистни қўлга олди. Ёнғин натижасида масжиднинг эшик ва деразалари зарар кўрган.
Исроил босқинчи армияси вакили контр-адмирал Даниел Хагарий кеча Ғазо сектори марказида, чегарадаги Киссуфим аҳоли пункти яқинида 21 босқинчининг ўлганини тан олди. Бундан ташқари, Исроил самолёти ўз танкини ичидагилари билан бирга портлатиб юборди.
Эронда 2022 йилда 22 ёшли Маҳса Амини аҳлоқ полицияси бўлимида ўлдирилгани ортидан мамлакатни қамраб олган намойишлар иштирокчисига нисбатан ўлим жазоси ижро этилди. 24 ёшли Муҳаммад Қубадлу Теҳронда бир кишининг ўлими, беш нафар ҳуқуқ-тартибот органи ходимини жароҳатлаганликда айбдор деб топилди.