16.09.2024 19:00

Деизмга кўра яратгувчи ўз неъматларининг бошқасидан деб билинишига рози бўладими?

Деизм ҳақидаги бешинчи дарсимизда яна ўша эски услубга риоя қиламиз, деист билан суҳбатга киришамиз:

– Қилган яхшиликларинг бошқасига нисбат берилишидан мамнун бўласанми? Дейлик, катта зиёфатлар берадиган емакхонанг бор. Ҳар куни юзлаб фақирларнинг қорнини тўйдирасан. Улар сен қилган бу яхшиликни бошқасидан деб билишса ва унга раҳмат айтишса, рози бўласанми?

Ҳар қалай, бўлмайсан ва: “Эй фақирлар жамоаси, бу емакхона меники! Сизларнинг қорнингизни мен тўйдиряпман. Шундай экан, менга ташаккур ва миннатдорлик билдиринг!” дейсан.

Ёки бундай тасаввур қилайлик. Катта фабриканг бор ва ҳар куни юзлаб одамларни бош-оёқ кийинтирасан. Улар бўлса, сен ҳадя қилган либосларни кийиб, раҳматни бошқасига айтишади. Бу ҳолатга рози бўласанми?

Ҳар ҳолда, бўлмайсан ва дейсанки: “Бу фабрика меники, устингиздаги кийимлар менинг маҳсулотларим; ташаккурни менга билдиринг!”

Яна бир мисол келтирамиз. Ҳар куни неча-неча бемор сенинг шифохонангда текинга даволанади. Сўнгра бошқасининг олдига бориб: “Яхшиям борсиз, агар саховатингиз бўлмаганида, биз қаерга бош урардик, ким биз билан шуғулланарди! Дориларимизни ким берар, бизларни ким даволарди!” дейишса, индамай кетасанми?

Асло! “Шифохона меники, сизларни даволаган, малҳамларингизни берган, ҳолингиздан хабар олган менман. Раҳматни менга айтинг!” дейсан.

Энди сўровимиз қуйидагича:

– Сен энг оддий яхшиликларингнинг ҳам бошқасига берилишига рози бўлолмаяпсан. Аллоҳ таоло бизларга ато этган ниҳоясиз хайр ва эҳсонларнинг бошқасига нисбат берилишига, ташаккур ва миннатдорлик билдирилишига қандай рози бўлсин?

Албатта бунга изн бермайди ва неъматнинг Ўзидан эканлигини билишимизни хоҳлайди. Модом шундай экан, пайғамбарлар юборади, китоблар туширади, токи биз Уни неъматнинг ҳақиқий эгаси сифатида танийлик. Агар пайғамбар бўлмаса, неъматнинг Аллоҳдан эканини билолмаймиз. Пайғамбар юборилмаган қавмлар ёки пайғамбар келгани ҳолда унга эргашмаганларнинг ҳолига назар сол. Бир гуруҳи бутларга сиғинди, яъни ўзларига инъом этилганларни бутларга нисбат берди. Бошқа гуруҳи эса оловга, қуёшга ибодат қилди, яъни уларни барча неъматларнинг эгаси деб билди.

Демак, инсон бир пайғамбарни танимаса, унинг насиҳатларига қулоқ солмаса, Аллоҳнинг неъматларига ботил илоҳларни шу тарзда шерик қилади.

Аллоҳ таоло бандаларининг нигоҳини бу ботил илоҳлардан Ўзига буриш учун элчилар юборди, китоблар туширди ва бундай огоҳлантирди:

“Эй қулларим! Сизлар неъматнинг яратувчиси ва ҳақиқий эгаси эмассиз. Шунга қарамай, қилган яхшиликларингизнинг ўзингизга нисбат берилишини хоҳлайсиз, унга бировларнинг шерик қилинишига унамайсиз. Аслида неъматларни йўқдан бор қилган Менман, уларнинг ҳақиқий соҳибиман. Шундай экан, неъматларимни бошқасидан деб билишингизга ва Мени қўйиб, бошқалардан миннатдор бўлишингизга рози бўлишим мумкинми? Албатта, йўқ! Демак, неъматларимни фақат мендан деб билинг ва фақатгина менга миннатдорлик билдиринг!”

Пайғамбарларнинг юборилиши шу жиҳатдан зарур ва пайғамбарларнинг мавжудлиги неъматларнинг мавжудлиги каби  аниқдир.

© 2024 Azon Global. Барча ҳуқуқлар ҳимояланган.