05.09.2024 09:09

Соқолофобия — Ўзбекистонни шарманда қилаётган ҳолат

Охирги вақтларда соқоли бор фуқароларимиз ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар томонидан сўроқ қилиниб, соқоллари олдирилаётгани ҳақидаги хабарларни кўп эшитяпмиз. Бунинг асл сабаби нима? Соқол қўйган эркакларнинг юқоридагиларга ёқмаслигими?! Ёки бу ҳам бир исломофобиянинг кўринишими?!

Бунга ижтимоий ва ҳуқуқий томондан назар солиб кўрамиз. Демак, фуқароларнинг соқоллари ёки мўйловлари ва умуман тукларга қарши олиб борилаётган жиддий рейдлар, айниқса масжиддан чиқаётганларни қуённи овлагандек “ушлаш” ишлари жуда кулгили ва хунук кўринаётгани бор гап.

Мазкур ҳолатга ижтимоий томондан уятли ва абсурд ҳолат сифатида қаралса бўлади. Чунки жамиятда соқолда юрган байкерлар, бомжлар, бошқа миллат вакиллари, черков ёки синагогадан чиқаётган диндорлар ҳам бор, лекин негадир ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар айнан мусулмонларга бу борада тақиқ қўйиши кўплаб саволлар ва эътирозларга сабаб бўлмоқда. Ҳаттоки, яқинда мусулмон қиёфасидаги соқолли асли германиялик бўлган сайёҳга ҳам орган ходимларимиз томонидан ҳужум қилингани халқаро ижтимоий тармоқларда кенг муҳокамаларга сабаб бўлди. Бундай воқеалар мамлакатимизнинг обрўсига таъсир этмасдан қолмайди. Ижтимоий жиҳатдан назар солинса, бу оддий инсонларнинг хоҳиш иродасини ифодаламаслиги, аксинча жамиятда ҳокимиятга нисбатан ишончсизлик ва ғазабнинг ортишига олиб келиши аён бўлади.

“Мамлакатда соқолли одамлар ёки рўмолли аёллар кўпайиб кетмоқда, ёшлар ичида авж олмоқда”, деган гапларни эса жамиятшунослик ва реал ҳолатга таққослаб кўрилса, ҳақиқатдан йироқлиги келиб чиқади. Умуман бировнинг юзидаги туки, бошидаги оддий рўмолига дахл қилиш ҳуқуқи ҳеч кимга берилмаган! Жамиятда инсон ўзининг шахсий макони ва ўрни бўлишини истайди ва унинг бу ҳаракатлари бошқаларга зарар бермаса, бирор тақиқ ҳақида гап-сўз бўлиши мумкин эмас, ахир?! Мазкур вазиятда ҳам айримлар халқ орасида сунъий қўрқув ва абсурд ҳолатларни келтириб чиқаришга уринмоқда. Бу билан гўёки мусулмонларнинг соқоли ёки ҳаёни ифодаловчи рўмоли жамият учун “хавфли” эканлиги уқтирилмоқда. Энди мантиқан ўйлаб кўринг, инсоннинг туки ва оддий либоси қандай қилиб бутун бошли жамият учун хавф туғдириши мумкин?!

Бу масаланинг ижтимоий жиҳатлари алоҳида катта мавзу ва мусулмонларга бўлган дискриминациянинг бир кўринишидир.

Масалан:

- бундай таъқиблар жамиятда норозилик туйғусини кучайишига олиб келиши мумкин, бу эса ўз навбатида ижтимоий интеграцияни қийинлаштиради;

- муайян гуруҳлар таъқиб қилинаётганини ҳис қилиши, жамиятни қутбланишига олиб келиши мумкин;

- бундай таъқиблар жамият ва ҳукуматнинг узоқлашишига олиб келади ва орадаги тарангликни кучайтиради;

- жамиятда ижтимоий адолатсизлик ҳиссини кучайтиради.

Масаланинг ҳуқуқий томони эса анча кенг ва долзарб ҳисобланади, унда шарҳлар ва мавжуд суд ишларидан мисоллар келтирилади.

Ўзбекистон Республикаси Конституциясининг 19-моддасида: “Ўзбекистон Республикасида инсоннинг ҳуқуқ ва эркинликлари халқаро ҳуқуқнинг умумэътироф этилган нормаларига биноан ҳамда ушбу Конституцияга мувофиқ эътироф этилади ва кафолатланади. Инсон ҳуқуқлари ва эркинликлари ҳар кимга туғилганидан бошлаб тегишли бўлади.

Ўзбекистон Республикасида барча фуқаролар бир хил ҳуқуқ ва эркинликларга эга бўлиб, жинси, ирқи, миллати, тили, дини, эътиқоди, ижтимоий келиб чиқиши, ижтимоий мавқейидан қатъи назар, қонун олдида тенгдирлар” дея таъкидланган.

Келинг мазкур моддани шарҳ қилсак (чунки шарҳ бериши лозим бўлган Конституциявий судимиз “ухлаб ётибди”).

Моддада Ўзбекистонда яшовчи ҳар бир инсон (ким бўлишидан қатъий назар, хоҳ ўзимизни фуқаро, хоҳ хорижий, диндор ёки ҳеч қайси динга эътиқод қилмайдиган шахслар) халқаро ҳуқуқда (яъни Инсон ҳуқуқлари бўйича умумжаҳон декларацияси, инсон ҳуқуқлари бўйича пактлар ва бошқалар) эътироф этилган ҳуқуқларга эга ва бундай ҳуқуқлар Ўзбекистон Республикаси томонидан кафолатланади, яъни таъминланади. Шуни таъкидлаб ўтиш лозимки, Инсон ҳуқуқлари умумжаҳон декларацияси ва халқаро ҳуқуқнинг умумэътироф этилган принцип ва нормалари Ўзбекистон Республикаси ҳуқуқий тизимининг таркибий қисмидир ва Ўзбекистон ҳудудида юридик мажбурий кучга эгадирлар.

Масалан, Инсон ҳуқуқлари бўйича умумжаҳон декларациясининг 3-моддасида “ҳар бир инсон яшаш, эркин бўлиш ва шахсий дахлсизлик ҳуқуқларига эга”лиги белгиланган. Шахсий дахлсизлик нима дейилса, унда “инсонни огоҳлантирмай, ҳеч қандай ҳуқуқий асоссиз, шахсий ҳаётига (шу жумладан, кийиниши, юриши, мулки, шахсий воситалари) дахл қилмаслик”, назарда тутилади. Шунингдек, Ўзбекистондаги барча фуқаро жинси, ирқи, миллати, тили, дини, эътиқоди, ижтимоий келиб чиқиши, ижтимоий мавқейидан қатъий назар қонун олдида тенглиги айтилмоқда. Дейлик, масалан соқолни олдириш бўйича қарор чиқди, аслида бундай қарор халқаро ҳуқуқ ва конституцияга мутлақо зид. Бу қарор барча жамият қатламига нисбатан қўлланилиши керак – фақат масжиддан чиқаётганларга, яъни мусулмонларга нисбатан эмас. Бундан соқол қўйган одамларга ҳар қандай эътироз ёки қарши ҳаракат мутлақо Халқаро ҳуқуққа ва Конституция билан кафолатланган инсон ҳуқуқларига зидлиги яққол кўриниб турибди.

Шунингдек Конституциясининг 20 моддасида “Инсоннинг Конституция ва қонунларда мустаҳкамлаб қўйилган ҳуқуқ ва эркинликлари дахлсиздир ҳамда улардан суд қарорисиз маҳрум этишга ёки уларни чеклаб қўйишга ҳеч ким ҳақли эмас” деб белгиланганлиги ҳам юқоридаги фикрларимизнинг асоси бўлади.

Конституциямиз энг асосий ва муҳим ҳужжатлардан бири ҳисобланади, уни менсимаслик ёки мавжуд талабларни бажармасликка эса ҳеч кимнинг ҳаққи йўқ!!!

Шунингдек, жорий йилнинг ўзида 13 июлдан 13 август санасига бўлган даврда Ўзбекистон маъмурий судлари томонидан Ўзбекистон Республикаси Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекснинг 184-моддаси прим 4-моддаси “Жамоат жойларида шахсини идентификация қилиш имконини бермайдиган кўринишда бўлиш”га асосан 15 та маъмурий иш кўриб чиқилган. Жумладан, шундан 5 та иш ўзаро безорилик юзасида қўзғатилган ва МЖтКнинг 184-моддаси прим 4 яъни, ўша безорилик содир этган шахслар соқолда бўлгани учун жавобгарликка тортиш учун асос қилиб олинган. Масалан битта маъмурий ишдан иқтибос келтирамиз:

“Иш ҳужжатларига кўра, 2024 йил 26 апрель куни Жиззах вилоятида диний муҳитни соғломлаштириш бўйича ўтказилган махсус профилактик тадбирлар давомида Асроров Асрор Асрорович (шахснинг исм-шарифи ўзгартирилган) Жиззах шаҳар, Заргарлик маҳалласи ҳудудида жамоат жойида шахсини идентификатция қилиш имконини бермайдиган кўринишда соқол ўстириб юрганлиги аниқланиб, ҳолат юзасидан маъмурий баённома расмийлаштирилган”. Бу ердаги диний муҳитни соғломлаштириш бўйича профилактик тадбир деганда соқолни олдириш ёки рўмолларни ечтиришни тушунилганини кўрган ҳар қандай ҳуқуқшунос ёки бошқа соҳа вакили ҳам бу шунчаки абсурд ҳолатлигини тушуниб етади.

Қувонарли жиҳати 10 та маъмурий ишдан 2 тасида (ҳуқуқий билими кучли судьялар десак бўлади) суд МЖтКнинг 184 прим 4-моддасини соқолга қўлланилиши мумкин эмас, деган қарорга келган.

МЖтКнинг 184 прим 4-моддасини декриминилазиция қилиш ёки диспозиция қисмини аниқ ва тиниқ қилиб шарҳлаб ёзиш мақсадга мувофиқдир. Бўлмаса қанчадан-қанча фуқаролар соддалиги, ҳуқуқларини билмаслиги ёки юқоридаги иккита ишда айтилганидек соқол ёки рўмолда бўлиш ҳақида ҳеч қаерда жавобгарлик белгиланмаганлигидан хабарсизлиги сабаб азият чекишади. Адолатсизлик, абсурд далолатнома ва суд қарорлари сабаб фуқароларнинг давлат ва судга бўлган ишончсизлиги йўқолиши турган гап.

Бу хатоликларни тезлик билан ҳал қилиш лозим деб ҳисоблаймиз.

Хорижий тажрибада, масалан Германия қонунчилигида соқолни олиб ташлаш бу инсоннинг шахсий дахлсизлигига очиқдан очиқ тажовуз ва таҳдид деб саналади. Швейцариянинг федератив суди ҳам инсоннинг соқолини олишни талаб қилиш шахс дахлсизлигини қўпол равишда бузишга киришини белгилаган .

Шахсий дахлсизлик ҳуқуқига аралашиш даражасининг мутаносиблигини текшириб кўриш лозим. Соқолни қирдириш мажбурий бўлган вазиятлар ҳам бўлиши мумкин – масалан, жосусни ушлаш жараёнида унинг шахсини аниқлаш ва суд-тиббиёт экспертизаси учун. Умуман мақсад юқори ижтимоий аҳамиятга эга бўлса, бундай сиёсий аралашув оқланиши мумкин бўлади. Бу ҳам алоҳида нормалар қабул қилингач, унда қандай вазиятларда олиб ташлаш зарурлиги кўрсатилган бўлиши ва улар мутаносиб принципларга мос бўлиши зарур.

Юқоридагилардан келиб чиқсак, инсоннинг соқолини олдириш, қирдириш ёки шу сабаб терговга олиб кетиш – буларнинг барчаси Оммавий ҳуқуқий принципларга, Халқаро ҳуқуққа, Инсон ҳуқуқларига ва Ўзбекистон Республикаси Конституциясига зиддир.

Мавзуга алоқадор

© 2024 Azon Global. Барча ҳуқуқлар ҳимояланган.