09.09.2024 18:00

“Ҳаётга қарашингни ўзгартир”: Деизмга кўра яратгувчи ҳикмат соҳибими? (+видео)

Деизм ҳақидаги тўртинчи дарсимизда яна бир деист билан суҳбат олиб борамиз. Унга савол берамиз:

– Сен ишонган яратгувчи ҳикмат эгасими? Ёки ишларини фақат кўнгил очиш учун қилганми?


Ҳар ҳолда, бу дунёни шунчалар чиройли яратган ва ҳар борлиққа ўнлаб фазилатлар берган Зот донодир. Зеро, бундай ҳикматли яратиш фақат Ҳаким зотга, яъни ҳикмат соҳибига хос. Бир назар сол, дунёда ҳамма нарсанинг вазифаси бор. Ҳеч нима исроф қилинмайди. Бекор ва беҳуда нарса йўқ. Бу ҳам яратгувчимизнинг доно зотлигини исботлайди. Зотан, буни инкор этсанг, бутун борлиқ сенга қарши туради ва ўзларидаги ҳикматни кўрсатиб, сени ёлғончига чиқаради.

Энди эса бироз сен ҳақингда гаплашайлик:

Сенга шундай кўз берилганки, гўзалликнинг барча даражаларини фарқлай олади. Ҳолбуки, ҳайвонларга берилган кўз оламни фақат оқ ва қора рангларда кўради.

Яна сенга шундай тил берилганки, нимаики есанг, таъмини аниқлайди, мазасини билади. Ваҳоланки, ҳайвонлардаги тил саноқли таъмларни фарқлайди, холос.

Ва яна сенга шундай ақл берилганки, гўё калит сингари ҳар қулфни очади.


Сенга ато этилган кўз, тил ва ақл сингари сезгилар ҳамда ашёларнинг ҳеч бири ҳайвонларга берилмаган.

Буларнинг ҳаммасини сендан қуйидаги саволни сўраш учун баён қилдик:

Яратгувчимиз доно бўлганига кўра, албатта исрофга йўл қўймайди ва беҳуда ишга қўл урмайди.

Хўп, ҳикмат эгаси яратгувчимиз бизга нима учун бунча ҳаракат сарфлади ва бу қадар бебаҳо сезгилар берди?

Яъни нега бизга ҳайвонларники сингари оқ-қора кўрадиган кўз бермади?

Ёки нега ҳайвонларникига ўхшаган, бир неча таъмнигина ажрата оладиган тил бермади?

Ёхуд энг нозик санъатларни тушунадиган ақлни нима учун бизга берди?

Ҳамма нарсани қамрайдиган муҳаббатни нега қалбимизга жойлаштирди?

Буларнинг сабаби нима?


Асло: “Бирор ғояси йўқ, шунчаки яратган”, дема. Зеро, бошданоқ бу оламнинг яратувчиси ҳаким зот эканлиги борасида бир тўхтамга келдик. Энди эса “Ҳикмат эгаси бўлмиш мазкур яратгувчи бунчалар қийматли сезгиларни бизга шунчаки берган, исроф қилган; бирор ғояси йўқ!” деяпсан. Агар мақсадсиз ва шунчаки яратган бўлса, ҳикмат эгаси эмас. Агар ҳаким зот бўлса, бежиз яратмаган ва албатта мақсади бор.


Шуни яхши билки:

Сени худди ажойиб санъат асаридек яратган ва бебаҳо аъзолар, сезгиларни инъом қилган зотнинг, албатта, бундан бир мақсади бор. Бу ғояларни ақлнинг ўзи кашф этолмайди. Уларни бизга фақат ваҳийга ноил бўлган пайғамбарлар ўргатади. Пайғамбарларни тан олмаслик бутун бу шароитлар ва сезгиларнинг бизга шунчаки берилгани ҳамда яратгувчимизнинг исрофга йўл қўйганини қабул қилиш демакдир. Бу эса ярагувчи ҳаким эмас деган хулосага олиб боради. Бунинг хато эканига бутун мавжудотлар мисол бўлади. Демак, бу хулоса хато экан, унда албатта пайғамбарлар юборилган, китоблар туширилган ва бу ғоялар бизларга ўргатилган. Имон келтирдик ва тасдиқладик.

Мавзуга алоқадор

© 2024 Azon Global. Барча ҳуқуқлар ҳимояланган.