24.01.2024 11:53

Фаластин тарафдорлари Жо Байденнинг сайловолди нутқини бир неча бор тўхтатиб қўйди

АҚШнинг Виржиния штатида Фаластин тарафдори бўлган бир гуруҳ фаоллар президент Жо Байденнинг сайловолди ташвиқоти нутқини бир неча бор тўхтатиб, ишғол остидаги Ғазо секторида содир этилаётган “геноцидни молиялаштиришни тўхтатиш”ни талаб қилишди.

Anadolu агентлигининг ёзишича, эфир бошланганидан бир неча сония ўтгач, Америка етакчисининг нутқи биринчи намойишчи томонидан тўхтатилган, унга бошқа йиғилганларнинг ҳайқириқлари қўшилган. Умуман олганда, Оқ уй раҳбарининг нутқи 9-10 марта тўхтатилган. Намойишчилар Исроил Ғазо секторида 29 минг одамни ўлдирганини ва ўз хавфсизлигини таъминлаш бунга баҳона бўла олмаслигини таъкидлаган. Фаоллар қўриқчилар уларни залдан чиқариб юборишганига қарамай, шиорларни баланд овозда такрорлашда давом этишган.

Бошқа бир гуруҳ намойишчилар эса Жо Байден ўз сайловолди нутқи устида ишлаётган Ижро санъати маркази олдида тўпланишди. Улар қўлларида: "Фақат касал жамиятлар геноцид қилади", "Солиқларингиз Ғазо секторидаги болаларни ўлдирмоқда", "Ҳозироқ ўт очишни тўхтатинг”, "Жо-геноцидчи, қўлларинг қонда" шиорларини кўтариб олишди.

Намойишчилар, шунингдек, Байден нутқ сўзлаган бино олдига қизил суюқлик сепилган қўғирчоқлар ва ўйинчоқ либослари ҳамда қон рангли суюқлик солинган пластик идишларни ташлаб кетишган.

Аксарияти аёллардан иборат фаоллар узоқ вақт шиорлар айтиб, Оқ уй раҳбарини тинглашга келганларни Фаластин байроқлари билан кутиб олишди.

Намойишчилар, шунингдек, Исроилни молиялаштиришни тўхтатиш зарурлигига эътибор қаратиш мақсадида катта баннер очиб, акс ҳолда "Демократик партияга овоз бермасликларини" айтишган.

Мавзуга алоқадор

© 2024 Azon Global. Барча ҳуқуқлар ҳимояланган.