“Оғизлари билан Аллоҳнинг нурини ўчирмоқчи бўладилар. Ҳолбуки, Аллоҳ, кофирлар ёқтирмаса ҳам, ўз нурини тугал этгувчидир.” 

(“Соф“ сураси, 8-оят).


Франциядаги секуляризм сиёсатининг мамлакатдаги мусулмон жамиятига ҳамда унинг радикаллашувига таъсири алоҳида тадқиқ этилиши керак бўлган мавзу ҳисобланади. Бу масала Франция сингари Ўзбекистонда ҳам содир бўлаётган жараёнларнинг қаерга қараб кетаётганини тушуниш учун жуда муҳимдир.


Франция ва мусулмонлар


Франциядаги мусулмонлар Европа Итифоқидаги энг катта мусулмон диаспораларидан бирини ташкил этади. Мамлакатда тахминан 5-6 миллион мусулмон яшайди, бу жами аҳолининг 8-10 фоизи, дегани. Франциянинг мусулмон жамияти билан боғлиқ муносабатлари кўп жиҳатдан мамлакатнинг мустамлакачилик даврига бориб тақалади. Хусусан, французларнинг Шимолий Африкада жойлашган Жазоир, Марокаш ва Тунис каби давлатлардаги босқинчилик сиёсати ҳамда ушбу давлатлардан оқиб келган муҳожирлар мамлакатдаги мусулмон жамиятининг шаклланишига сабаб бўлган.


Французча радикал дунёвийлаштириш


Францияда секуляризм ёки "лаицизм" ҳаракати давлат ва дин ўртасини ажратувчи восита бўлган. Унга кўра, дин давлат ишларига аралашмайди ва аксинча, давлат ҳам динни назорат қилмайди. Аммо бу сиёсат ўз моҳиятини йўқотиб, мусулмонларга нисбатан босим кўринишига ўтди. Масалан, мактабларда рўмол ўрашнинг тақиқланиши жамиятда айирмачилик ва норозилик кайфиятини уйғотди. 


2010 йилда жамоат жойларида юзни тўлиқ ёпадиган миллий-маданий либосларни тақиқлаш кўпчилик томонидан шарқона маданиятга эга аёлларга қарши қаратилган сиёсат сифатида қабул қилинди. Бу эса мусулмонларнинг жамият ҳаётидан четлаштирилишига олиб келди.


Ижтимоий четлаштириш


Франциядаги кўплаб мусулмон аҳоли ижтимоий ва иқтисодий жиҳатдан ночор аҳволда яшайди. Ижтимоий ҳимояга муҳтож туманларда ишсизлик, ёмон турар жой шароити ва таълим имкониятларининг чекланганлиги уларнинг яккаланишига сабаб бўлмоқда. Бунинг устига, иш жойларида, мактаб ва университетларда, маҳалла ва поликлиникаларда мусулмонларга нисбатан дискриминация сиёсати уларнинг ўзини тўлиқ Франция фуқаросидек ҳис қилишларига йўл қўймайди. 


Мисол учун,  “Институт Монтень” тадқиқот марказининг 2016 йилдаги ҳисоботида Франциядаги мусулмон ўқувчиларнинг 50 фоизи мактабда таъқиб ва дискриминацияга учрагани айтилган. 


Полиция ва хавфсизлик чоралари


Терроризмга қарши кураш доирасидаги хавфсизлик чоралари ҳам кўп ҳолларда мусулмон жамиятини нишонга олади. Масалан, 2015 йилдаги Париж терактларидан сўнг, Франция ҳукумати томонидан фавқулодда ҳолат жорий этилиб, 20 дан ортиқ масжид ёпилган ва уч мингга яқин шахслар мажбурий назоратга қўйилган. 


Франция Ички ишлар вазирлиги маълумотларига кўра, 2017-2020 йиллар оралиғида 500 га яқин масжид ва исломий марказлар текширилиб, айримлари бутунлай ёпилган. Бундай чоралар мусулмон жамиятининг кескин эътирозларига сабаб бўлиб, давлатга бўлган ишонч инқирозини келтириб чиқарган.


Мусулмонлар Франция полициясининг ҳеч қандай сабабсиз уларни тўхтатиб текширишини ва профилактик суҳбатлар ўтказишини адолатсизлик ҳамда динига қараб инсонларни табақалаштириш, дея баҳолашади. Ушбу ҳолат мусулмон жамоаларининг ички ишлар органларига нисбатан ишончини йўқотиб, янги муаммоларни келтириб чиқарганини ҳам айтиш ўринли.


Оммавий ахборот воситалари ва сиёсий нутқларнинг таъсири


Франция оммавий ахборот воситалари ва ижтимоий тармоқларда мусулмонларнинг аксарияти терроризм, жиноятчилик ва маданий фарқлар (арабпарастлик иддаоси) билан боғлиқ ҳолда тасвирланади. Бу эса мусулмонларга нисбатан салбий стереотипларни кучайтиради. Мисол учун, 2020 йилда "Ле Монде" газетаси оммавий ахборот воситаларида мусулмонлар ҳақидаги маълумотларнинг 35 фоизи терроризм ва экстремизм билан боғлиқ ҳолда оммага етказилганини қайд этди.


Франциядаги ўнг қанот сиёсий партияларининг ўсиши ва уларнинг анти-исломий риторикасидан фойдаланиши мусулмонларга нисбатан тазйиқларни кучайтириб, уларга қарши душманлик муҳитини яратди.


"Human Rights Watch" ташкилотининг 2020 йилги ҳисоботига кўра, Францияда 2017-2020 йиллар оралиғида қабул қилинган сиёсий қарорларнинг 45 фоизи  мусулмонлар зарарига ишлаган ва бу орқали уларнинг эътиқод эркинлиги ва маданияти топталган. Оқибатда табиий равишда зулмкор тизимга қарши радикаллашув ҳам ортиб борган.


Радикализмнинг асосий сабаблари 


Бегоналаштириш ва давлатнинг зулм сиёсати оқибатида Францияда айрим шахслар радикал ғояларга мойил бўлиб қолмоқда. Экстремистик гуруҳлар эса бундан фойдаланиб, ўз ғояларини адолатни тиклаш ва ҳимоя воситаси сифатида тақдим этяпти. Бу эса ёшларнинг радикализмга мойиллигини оширмоқда. 


Ўрганишлар натижасида радикализмга қарши радикал кайфият кўпроқ ночор, ўзларини жамиятдан четлаштирилган ва адолатсизликка учраган деб ҳис қилган ёшлар орасида кўпроқ учрамоқда. Экстремистик гуруҳлар эса ёшларнинг эҳтиёжларини қондириш ва йўқотилган ўзлик ҳиссини қайтариш орқали уларни ўз сафига жалб қиляпти.


“Радикализмни олдини олиш маркази” маълумотларига кўра, 2019 йилда Францияда 1,200 га яқин ёшлар экстремистик гуруҳларга қўшилгани аниқланган. Улар орасида ижтимоий четлаштирилганлар, дискириминация ва бегоналаштиришга мубтало бўлганлар 70 фоизни ташкил этган.


Хулоса: “қош қўяман деб кўз чиқарилди“ми?


Франциядаги радикал дунёвийлаштириш секуляризм сиёсати, унинг салбий таъсирлари жиддий мулоҳаза ва ечим талаб қилади. Мусулмонларга нисбатан зулм сиёсати уларнинг янада радикаллашуви ҳамда жамиятнинг бўлинишига олиб келиши мумкин. Шу сабабли, хавфсизлик ва ижтимоий адолат ўртасидаги мувозанатни топиш жуда муҳимдир. 


Хулоса ўрнида айтиш мумкинки, ҳар қандай мамлакатнинг диний сиёсатида хавфсизлик ва ижтимоий адолат ўртасидаги мувозанатни топа олмаслик Франция мисолида радикаллашувнинг кучайишига олиб келиши мумкин. Зеро французча “қош қўяман деб кўз чиқариш“ кимга керак?


© Тарих ва сиёсат

Мавзуга алоқадор