03.09.2024 18:00

Дунё тартиби ўзгариш ёқасида: Ғарб цивилизациясининг ҳукмронлиги тугаяптими? (+видео)

Инсоният тарихи давомида турли маданиятлар бир-бирининг ўрнини эгаллаб турган.  Мисол учун, дастлаб Апеннин ярим оролининг кичик бир қисминигина назорат қилган Рим аста-секин қўшни қабилалар ва шаҳарларни ўзига бўйсундириб, ўз ҳудудларини кенгайтирди. Карфаген давлати билан урушда қозонилган ғалаба ва бошқа босқинлар ҳисобига йирик империяга айланган Рим IV аср охирига келиб чуқур ўзгаришларни бошдан кечирди. Империя икки – ғарбий ва шарқий қисмларга бўлиниб кетди. Бу эса империянинг иккала қисмида яшовчи одамларнинг нафақат диний тушунчалари, балки санъати, меъморчилиги, адабиёти ва кундалик ҳаётига ҳам таъсир қилган.
Бу инсоният тарихининг аксарият қисмига дахлдор ҳақиқатдир. Бугунги кунда уруш ва тўқнашувлар хариталардаги чизгиларни ўзгартирганини кўпчилигимиз билишимиз мумкин, бироқ, шу билан бирга, бизнинг маданиятимиз, қадриятларимизга ҳам таъсир қилганини унутмаслигимиз жоиз. 
Масалан, совуқ урушдан кейинги даврда инглиз тилининг мавқейи ортиши ва Ғарбнинг ёт ғояларга асосланган “кўнгилочар” воситалари - фильмлар, мусиқа, спорт қабилидаги беҳаёлик устига қурилган “санъати” орқали дунёда устуворлиги сезилди. Ушбу бузғунчилик кўплаб жамиятларнинг табиий маданий ривожланишига путур етказди, авлодлар орасидаги фарқни чуқурлаштирди ва ижтимоий тушунчалар, қадриятларни қайта белгилаб берди. 
Маданий оқимнинг бундай кескин ўзгариши юзлаб, балки минглаб йиллар давом этган ижтимоий қарама-қаршиликлар, урушлар ва эврилишлар натижасида шаклланган халқларнинг идрокига чуқур таъсир қилди. 
Шунга қарамай, ўтган асрнинг 90-йилларида “маданиятлар тўқнашуви”, “дунё катта уруш ёқасида” каби кенг тарқалган сиёсий назариялар бугунга келиб шубҳали туюлмоқда. 
Бундай фикрлаш мантиқий эмас, балки сиёсий мақсадга кўра илгари сурилган бўлиб, у айнан совет тузумининг қулаши, биринчи Ироқ уруши ва Осиё, Яқин Шарқ ҳамда жанубда кечган ғарб милитаризми давомида сингдирилган ғоялар эди. 
Зўравонлик ҳаракатларини цивилизация каби юксак ва сержило сўзлар билан боғлашдан мурод Европанинг “цивилизация миссияси” ва “Америкача озодлик” каби эски шиор ва Исломга зид ғояларни тағин дунёга қайтариш эди. 
Уларнинг бундай қора ниятлари охир-оқибат барбод бўлди. Аниқроғи, идеаллаштирилаётган Ғарбона цивилизация ва инсоний муносабатларнинг миси чиқди. 
Айни пайтда дунё яна қайта шаклланиш остонасида турибди. Бунинг белгиларини дунёни ларзага солаётган воқеа-ҳодисаларда кўриш мумкин. 
Россия-Украина урушидан аввалроқ заифлашиб бораётган империя – АҚШ ва янги пайдо бўлган куч – Хитой ўртасидаги уруш қайсидир маънода бошланиб бўлган эди.
Тамаддунлар тўқнашуви ва янги дунё тартиби ҳақида асар ёзган Самуэль Хантингтоннинг фикрича, ҳар икки давлат ҳам Ғарб ва Шарқ тамаддунини уйғунлаштирган “Син цивилизация” намунаси ҳисобланади. 
Шунга қарамай, на Барак Обаманинг нозик ёндашуви, на Дональд Трампнинг популистик услуби бу тахмин қилинган цивилизация тўқнашувини чуқурлаштиришга ярамади. Хитой билан бошқа дунё давлатларининг муносабатлари иқтисодий манфаатлар асосида қурилди.
Ҳатто Вашингтоннинг Хитой савдоси ҳамда технологик тараққиётига таянадиган европалик иттифоқчилари ҳам умумий ғарб қадриятларини сақлаш ва шунга ўхшаш бошқа риторикалар билан йўғрилган Пекинга қарши савдо урушига қўшилишни исташмаяпти. 
Бу ҳам етмагандай, Ғазода бошланган уруш 7 октябргача деярли мавжуд бўлмаган халқаро муносабатларнинг бутунлай янги кўринишига йўл очди. 
Эътиборлиси, бугун адолат талаб қилаётганларни жабрдийда фаластинликлар билан ҳеч қандай диний, ирқий, географик ва ҳатто маданий яқинликлари бўлмаган Намибиядан Жанубий Африкагача, Бразилия ва Колумбиядан Никарагуагача ва бошқа кўплаб халқлар Ғазо билан бирдамликларини бирор маданий ўзига хосликларидан келиб чиқиб билдиришаётгани йўқ.
Бугунги кунда Европа ва Шимолий Америка бўйлаб сионистларнинг зулмига қарши оммавий норозилик намойишлари давом этяпти. 
Одатда турли элат ва халқларни иқтисодий ва сиёсий манфаатлар, ҳарбий қудрат атрофида бирлаштиришга интиладиганлар, ўзларининг мақсадлари йўлида ҳар қандай воситалардан фойдаланишади. 
Шундай бўлса-да, ҳозирги пайтда бундай қарашдаги олимлар ва шовинистик сиёсатчиларга нисбатан кун сайин глобал қаршилик кучаймоқда. Ғазодаги уруш бугунги дунё раҳбарларининг асл қиёфасини очиб бериш асносида, Хантингтон назариясини пучга чиқариб, инсониятнинг цивилизациялар эмас, адолат учун бирлашишини исботламоқда. 

Муҳаммад Довуд Асадуллоҳ, 
Azon Global эксперти

Мавзуга алоқадор

© 2024 Azon Global. Барча ҳуқуқлар ҳимояланган.