ОАВ: Исроил барча маҳбусларни озод қилиш эвазига 2 ойлик сулҳ таклиф қилди
Axios сайти Исроил ҲАМАСга қўл остидаги барча асирларни озод қилиш эвазига икки ой муддатда Ғазога ҳужумларни тўхтатиш таклифи билан чиққанини маълум қилди.
Нашрнинг
қайд этишича, Исроил Ғазода ўт очишни бутунлай тўхтатишни ўз ичига олмаган ушбу
таклифни Қатар ва Миср орқали етказган. Таклифга кўра, биринчи навбатда аёллар,
60 ёшдан ошган эркаклар ва оғир аҳволда бўлган гаровга олинганлар озод қилиниши
керак. Кейинги босқичларда аёл ҳарбий хизматчилар ва 60 ёшгача бўлган фуқаролик
эркаклар топширилади.
Бироқ ҲАМАС
ушбу таклифни рад этди, дея хабар қилди Associated Press мисрлик юқори лавозимли амалдорга
таянган ҳолда.
Аввалроқ Yeni
Shafak нашри ҲАМАС сиёсий бюроси раиси ўринбосари Мусо Абу Марзук ҳаракат
Россиянинг Ғазода асирда бўлган барча фуқароларини озод қилиш ҳақидаги илтимосини
бажариш ниятида эмаслигини айтгани ҳақида хабар берган эди.
“Биз
одамларни рус ёки француз бўлгани учун қўлга олмадик. Биз уларни фаластинликларни
ўлдираётганлари ва Исроил аскарлари бўлгани учун қўлга олдик”, — деган Мусо Абу
Марзук.
У,
шунингдек, “Исроил аскарларининг кўпчилиги икки фуқароликка эга эканини” ҳам таъкидлаган.
Исроил армияси маълумотларига кўра, ҳозирда Ғазо секторида 136 нафар исроиллик асир қолган.