03.02.2024 11:02

АҚШ ўз базасига уюштирилган ҳужумга жавобан Ироқ ва Сурияга зарбалар берди (янгиланди)

АҚШ Марказий қўмондонлиги (CENTCOM) 28 январь куни Сурия-Иордания чегарасидаги Америка базасига уюштирилган ҳужумга жавобан Ироқ ва Суриядаги Эрон Инқилобий Гвардияси корпуси ва унга алоқадор милиция гуруҳларига қарашли нишонларга ҳаводан зарбалар берганини эълон қилди.

CENTCOM ёзма баёнотида Сурия ва Ироқдаги Эрон Инқилобий Гвардияси Армияси Қуддус кучлари ва унга қарашли ҳарбийлашган гуруҳларига тегишли камида 85 нишонга ҳаво ҳужуми уюштирилгани билдирилди.

Баёнотда ҳужумларда АҚШдан ҳавога учаётган узоқ масофали бомбардимончи самолётлар ҳам иштирок этгани ва 125 дан ортиқ бошқариладиган бомба қўлланилгани, қўмондонлик ва бошқарув марказлари, ракеталар ва учувчисиз учиш аппаратларига зарбалар берилгани маълум қилинди.

Reuters агентлигининг маълум қилишича, ҳужумлар натижасида энг камида 30 киши ҳалок бўлган.

Эслатиб ўтамиз, 28 январь куни АҚШнинг Иордания‑Сурия чегарасидаги ҳарбий базасига Эрон томонидан қўллаб‑қувватланадиган гуруҳлар томонидан ҳужум уюштирилган, натижада 3 америкалик ҳарбий ҳалок бўлган, 30 нафардан зиёди жароҳатланган эди. АҚШ президенти Жо Байден бу ҳужумларга “Қўшма Штатлар ўзи истаган вақтда ўзи истаган жойларга” жавоб беришини маълум қилганди.

Ироқдаги Ҳашд аш-Шаби қурол-яроғ омборига зарба берилди

АҚШ Ироқ ғарбидаги Ҳашд аш-Шаби шиа ҳарбийлашган гуруҳига қурол‑яроғ омборига зарба берилгани маълум қилинди. Ироқдаги Эрон томонидан қўллаб-қувватланадиган Нужеба ҳаракати шиа ҳарбийлашган кучларининг "Телеграм"‑каналида айтилишича, Ироқ ғарбидаги Анбар вилоятининг Аккашат ҳудудида Ҳашд аш-Шаби шиа гуруҳининг қурол‑яроғ омбори АҚШ ҳужумига учраган. 

Ижтимоий тармоқларда мазкур ҳужум тасвирлари тарқалди.

Ўз навбатида, Ироқ Бош Вазирлиги ҳарбий воизи генерал Яҳё Расул ёзма баёнотида Анбар вилоятидаги ҳудудларнинг АҚШ самолётлари томонидан ҳужумга учраганини қоралаб чиқди.

"Бу ҳужумлар Ироқ кафолат беришга ҳаракат қилган бир вақтда содир бўлди. Бу Ироқ суверенитетини бузиш ва Ироқ ҳукуматининг саъй-ҳаракатларига путур етказишдир", ‑ деди у.

АҚШнинг ушбу ҳужумлари Ироқ ва минтақани исталмаган оқибатларга тортадиган таҳдид эканлигига диққат қаратган Расул ҳужум оқибатларининг Ироқ ва минтақа хавфсизлиги ҳамда барқарорлиги учун даҳшатли бўлишини қайд этди.

Аввалроқ охирги бир ой ичида АҚШнинг Суриядаги базаларига камида 83 маротаба ҳужум уюштирилгани ҳақида хабар берган эдик. Жумладан, Конико газ заводи ва Дайр-аз-Зордаги Умар нефть кони, Ҳасакадаги Седдади, Ҳимо ва Хараб Жир базалари, шунингдек, Хомсдаги Ат-Танф базаси ҳужумлар нишонига айланди.

Иорданияда АҚШ базасига дрон ҳужуми уюштирилди: асосий маълумотлар ва баёнотлар

АҚШ Америка базасига қилинган ҳужумга "бир неча даража ва босқичларда" жавоб бермоқчи

Мавзуга алоқадор

© 2024 Azon Global. Барча ҳуқуқлар ҳимояланган.