05.02.2024 11:38

Хитой автомобиль ишлаб чиқаришда мусулмонларни мажбурий ишлатишда айбланмоқда

Хитой компаниялари мамлакат шимоли-ғарбидаги Шинжон-Уйғур автоном районида (ШУАР) автомобиль қисмларини тайёрлашда зарур бўлган алюминий ишлаб чиқаришда мажбурий меҳнатдан фойдаланганликда айбланмоқда. Бу ҳақда Human Rights Watch инсон ҳуқуқлари халқаро ташкилоти ҳисоботида сўз боради.

“Дунё автомобиль ишлаб чиқарувчилари, шу жумладан General Motors, Tesla, BYD, Toyota ва Volkswagen ўзларининг алюминий етказиб бериш занжирларида уйғурлар мажбурий меҳнатидан фойдаланишнинг энг минимал хавфидан четлана олмайдилар”, ‑ дейилади ҳисоботда.

HRW ҳисоботида айтилишича, маҳбуслар алюминий эритиш заводларида меҳнатга жалб қилинган.

Халқаро алюминий институти маълумотларига кўра, жаҳон ишлаб чиқаришининг 9 фоизини ташкил этувчи алюминийнинг 15 фоиздан ортиғи Шинжон-Уйғур автоном районида эритилади.

HRW истеъмолчи компанияларни алюминийни минтақадан сотиб олишдан огоҳлантирди ва металнинг келиб чиқишини диққат билан кузатишга чақирди.

Германия ва Қўшма Штатларда бу борада алоҳида талаблар қўйилган бўлиб, HRW ушбу давлатлар меҳнат вазирликларини компаниялар томонидан мажбурий меҳнат маҳсулотларидан фойдаланишнинг олдини олиш учун қонуний чораларини кўришга чақирмоқда.

Ташкилот Хитой расмийларининг Шинжон-Уйғур автоном вилоятидаги ҳаракатларини инсониятга қарши жиноятлар қаторига киритди.

2022 йилда БМТ ҳисоботида Хитой ҳукуматининг терроризм ва сепаратизмга қарши кампанияси доирасида 1 миллиондан ортиқ уйғур ўзбошимчалик билан ҳибсга олингани тахмин қилинаётган ШУАРда Хитой томонидан инсониятга қарши содир этилиши мумкин бўлган жиноятларга ишора қилинган.

Мавзуга алоқадор

© 2024 Azon Global. Барча ҳуқуқлар ҳимояланган.