21.11.2024 09:17

Қозоғистон, Қирғизистон, Озарбайжон ва бошқа давлатлар фуқароларини Украинани тарк этишга чақирди

Бир қатор давлатлар, жумладан, Қозоғистон, Қирғизистон ва Озарбайжоннинг Киевдаги элчихоналари ўз фуқароларига Украинани тарк этишни тавсия қилди.

“Украинада артиллерия отишмалари ва ҳаво ҳужумлари кўпайиб бораётгани муносабати билан, хавфсизлик мақсадида Қозоғистон Республикасининг Украинадаги элчихонаси Қозоғистон фуқароларига фаол ҳарбий ҳаракатлар олиб борилаётган ҳудудларга яқин ҳудудларни ёки Украинани тарк этиш ҳақида ўйлаб кўришни тавсия қилади”, дейилади Қозоғистон дипломатик миссияси хабарида.

Бундан ташқари, Қозоғистон элчихонаси “барча фуқароларни ҳаво ҳужуми ҳақидаги огоҳлантиришни эътиборсиз қолдирмасликка ва зудлик билан бошпана топиш, ўз хавфсизлик чораларига риоя қилишга ва расмий ҳукумат тавсияларига амал қилишга” чақирди.

Қозоғистон фуқароларига Украинадан Қозоғистонга кетиш учун қуруқликдан фойдаланишлари мумкинлиги: "Шенген" визаси борларга Польша, визаси йўқларга Молдова орқали кетишлари мумкинлиги маълум қилинди.
Озарбайжон элчихонаси 20 ва 21 ноябрь кунлари консуллик қабулини "хавфсизликка таҳдидлар ортиши ҳақидаги маълумотларнинг тарқалишини ҳисобга олиб” бекор қилди. Мамлакатда қолишни танлаган фуқароларга ҳаво ҳужуми сигналларига жуда жиддий эътибор бериш ва Украина расмийларининг тавсияларига мувофиқ ҳаракат қилиш тавсия қилинди.


Қирғизистон элчихонаси ҳам худди шундай тавсия билан чиқди. Ўзбекистоннинг Украинадаги элчихонаси сайти ва ижтимоий тармоқларига охирги марта 18 ноябрь куни хабар жойлаштирилган.
20 ноябрь куни АҚШ, Греция, Испания ва Италиянинг Киевдаги элчихоналари ҳам Россия томонидан амалга оширилиши мумкин бўлган йирик ракета ҳужуми ҳақидаги маълумот туфайли вақтинча ёпилганини эълон қилди. Ходимларга хавфсиз жойларда қолиш тавсия қилинди. Украина Ташқи ишлар вазирлиги спикери Георгий Тихи ҳозирги воқеаларга изоҳ берди. 

"Агрессор давлатдан ўққа тутилиши таҳдиди, афсуски, украиналиклар учун 1000 кундан ортиқ вақт давомида кундалик ҳақиқат бўлиб келмоқда", - деди ташқи ишлар вазирлиги вакили. У хорижий элчихоналарга вазиятни кескинлаштирмасликни, Украинанинг барча аҳолисига ҳушёр бўлишни ва ҳаво ҳужуми сигналларини эътиборсиз қолдирмасликни тавсия қилди.

Эслатиб ўтамиз, АҚШ, Британия ва Франция Украинага узоқ масофага учувчи ракеталаридан Россия ҳудудида зарба беришда фойдаланишга рухсат берган эди. Кейинроқ Украина Россиянинг Брянск ва Курск вилоятларига ATACMS ҳамда Storm Shadow ракеталаридан зарба бергани маълум бўлди. Ўз навбатида, Россия кенг кўламли зарбалар беришга тайёрланаётгани ҳақида хабар қилинди.

Мавзуга алоқадор

© 2024 Azon Global. Барча ҳуқуқлар ҳимояланган.