12.12.2023 15:09

Туркияда Россия иштирокида қурилган “Аккую” АЭСнинг биринчи энергоблокини ишга туширишга рухсат берилди

Туркия ядровий тартибга солиш агентлиги (NDK) кенгаши “Аккую нуклеар” АЖга Россия-Туркия ҳамкорлигида барпо этилган "Аккую" АЭСнинг биринчи энергоблокини ишга туширишга рухсат берди. Бу ҳақда Anadolu компания баёнотига таяниб хабар қилди.

Бундай рухсатнома билан “Аккую” АЭС қурилишининг босқичи ҳисобланган ҳамда станциянинг хавфсиз ишлаши учун асос бўлган ишга тушириш ва эксплуатация ишларини бошлаш мумкин бўлади.

Навбатдаги босқич - реакторга ядро ёқилғисини юклашни бошлаш ва ишга туширишдан олдинги назорат операцияларини бошлаш имконини берувчи биринчи энергия блокини ишлатиш учун лицензия олиш.

“Туркия ядровий назорат агентлигининг “Аккую” АЭСнинг биринчи блокини ишга туширишга рухсат бериш тўғрисидаги қарори биз Туркия қонунчилигининг барча талабларини, атом электр станцияларини қуриш бўйича халқаро стандартларни бажарганимиз ҳамда давом этишга тайёр эканлигимизни тасдиқлайди. Биз лойиҳа ҳаётида янги, муҳим ва масъулиятли босқичга қадам қўймоқдамиз”, — деди “Аккую Нуклеар” бош директори Анастасия Зотеева.

Росатом бош директорининг биринчи ўринбосари, Ривожланиш ва халқаро бизнес бўлими директори Кирилл Комаров ҳам бу йил лойиҳа учун жуда муҳим эканини таъкидлади.

Комаровнинг сўзларига кўра, лойиҳани якунлаш учун ҳали кўп иш қилиш керак.

“Айни пайтда биринчи энергоблокнинг асосий қурилиш ишлари якунланиб, ишга тушириш ва эксплуатация ишлари параллель равишда давом этмоқда. Олдинда барча тизимларнинг функционаллигини синаб кўриш учун узоқ вақт бор. Бу ишларнинг барчаси масъулият ва аниқлик билан, барча техник регламентлар ва хавфсизлик талабларига риоя қилинган ҳолда амалга оширилмоқда”, — деди у.

У электр станциясини ишга тушириш жараёнида Туркия фуқароларининг ҳам фаол иштирок этишини лойиҳанинг муҳим жиҳати деб атади.

Мавзуга алоқадор

© 2024 Azon Global. Барча ҳуқуқлар ҳимояланган.