Марказий Осиё давлатлари Қирғизистонга ИЭС аварияси бўйича ёрдам беради
Ўзбекистон, Қозоғистон ва Туркманистон Бишкекда ИЭС аварияси оқибатларини бартараф этиш бўйича Қирғизистонга ёрдам беради. Ушбу мамлакатлар ТИВ раҳбарлари ўртасидаги телефон орқали мулоқотларда бу ҳақда маълум қилинди.
Жумладан,
Ўзбекистон ташқи ишлар вазири Бахтиёр Саидов қирғизистонлик ҳамкасби Жээнбек
Кулубов билан телефон орқали мулоқотда президент Шавкат Мирзиёев топшириғига
кўра Қирғизистонга зарур ёрдам кўрсатиши маълум қилинди.
“Ўзбекистон
томони ёрдам сифатида Андижондан Ўшга суюлтирилган газ баллонларини жўнатди”, дейилади
Қирғизистон ТИВ матбуот хизмати хабарида.
Қозоғистон
бош вазири ўринбосари, ташқи ишлар вазири Мурат Нуртлеу Қирғизистон ташқи ишлар
вазири Жээнбек Кулубаев билан Бишкек ИЭС атрофидаги вазиятни тартибга солиш
бўйича ҳамкорлик масалалари юзасидан телефон орқали мулоқот қилди, деб хабар
берди ulysmedia.kz.
“Қирғизистон
ташқи ишлар вазири Бишкекдаги иссиқлик электр станцияси фаолиятини тиклаш
бўйича кўрилаётган чора-тадбирлар ҳақида маълумот берди. Шунингдек, у
Қозоғистонга кўрсатилаётган қўллаб-қувватлаш ва Жамбил давлат округ электр
станциясидан электр энергияси етказиб бериш ҳажмини ошириш билан боғлиқ масала
тезкорлик билан ҳал этилгани учун миннатдорлик билдирди”, - дейилади хабарда.
Шунингдек, Туркманистон ҳам Бишкек ИЭСдаги
авария муносабати билан ушбу мамлакат президенти Сердар Бердимуҳамедов
топшириғига биноан суюлтирилган газ етказиб бериш кўринишида гуманитар ёрдам
кўрсатиш ниятида, дея
хабар қилди Қирғизистон ТИВ.
Маълумот
учун, 2 февралга ўтар кечаси Бишкек ИЭС қозонларидан бирида портлаш содир бўлди. Портлаш шаҳарнинг 66 фоиз аҳолисида иссиқлик
таъминоти билан боғлиқ муаммоларни келтириб чиқарди. Мактаб ва боғчалар
5 февралгача онлайн ўқитишга ўтказилди.
Ҳодиса
оқибатида беш киши жабрланган.
Иссиқлик электр станциясига Қирғизистон президенти Садир
Жапаров ташриф буюриб, реставрация ишларининг боришини кўздан кечирди.
Президент вазиятни шахсий назоратига олган ва авария оқибатларини имкон қадар
тезроқ бартараф этишни буюрган.