21.12.2023 17:08

Россиялик сиёсатчининг Ўзбекистонни босиб олиш таклифидан сўнг РФ элчиси ТИВга чақирилди

21 декабрь куни Ташқи ишлар вазирлигига Россиянинг Ўзбекистондаги фавқулодда ва мухтор элчиси O.Малгинов таклиф этилди, дея хабар қилди ТИВ матбуот хизмати.

“Учрашув давомида Россия вакилига “Россия сегодня” матбуот-марказида бўлиб ўтган анжуманда “Справедливая Россия – за правду” партияси ҳамраиси Захар Прилепиннинг Ўзбекистон ҳудудини Россияга қўшиб олиш зарурлиги ҳақидаги таклифи мамлакатимизда чуқур ташвиш ҳисси билан қабул қилингани қатъий тарзда етказилди”, - дейилади хабарда.

РФ партия раҳбарларининг бундай ўйламай билдираётган муносабатлари Ўзбекистон ва Россия ўртасидаги ҳар томонлама стратегик шериклик ва иттифоқчилик руҳига мос келмаслиги маълум қилинди.

“Россия оммавий ахборот воситаларида кенг тарқалган бу каби баёнотлар атайлаб провокацион руҳда бўлиб, халқларимиз ўртасида ўрнатилган тарихий дўстона муносабатларга салбий таъсир кўрсатиши мумкин”, - дейилади ТИВ хабарида.

Ўз навбатида, O.Маргилов тўлиқ масъулият билан З. Прилепиннинг баёнотлари Россия раҳбариятининг дўст ва мустақил Ўзбекистон тўғрисидаги расмий позициясига умуман алоқаси йўқлигини таъкидлаган.

РФнинг Ўзбекистондаги вакили сифатида элчи "Ўзбекистон Республикасининг суверенитети, мустақиллиги ва ҳудудий яхлитлиги унинг мамлакатида ҳеч қачон шубҳага олинмаган"лигини билдирган.

Маргилов, шунингдек, Россия Ташқи ишлар вазирлиги яқин вақт ичида ушбу ҳодиса бўйича изоҳ беришни режалаштираётганини қайд этди.

Эслатиб ўтамиз, аввалроқ россиялик сиёсатчи обиқ СССРга тегишли бўлган барча ҳудудларни тиклаш ва унинг аҳолисига рус тилини ўргатиш таклифи билан чиққан, мисол сифатида Ўзбекистонни қўшиб олиб, у ерда рус тилини ўргатиш кераклигини айтганди.

Мавзуга алоқадор

© 2024 Azon Global. Барча ҳуқуқлар ҳимояланган.