Ўзбекистонда 6 та қуёш ва шамол электр станцияси ишга туширилди
Шавкат Мирзиёев 27 декабрь куни Ўзбекистоннинг олтита ҳудудида 5 та қуёш ва 1 та шамол электр станциясини ишга тушириш ва тармоққа улашга бағишланган маросимда иштирок этди, деб хабар қилди давлат раҳбари матбуот хизмати.
Тадбирда ушбу инвестиция лойиҳаларнинг ҳамкорлари бўлган БААнинг Masdar компанияси
бош ижрочи директори Муҳаммад Жамол Ал-Рамаҳий, China Energy Engineering
Corporation компанияси вице-президенти Ву Юнь, China Energy International Group
компанияси бошқаруви раиси Лю Цзэсян, China Gezhouba Group компанияси бошқаруви
раиси Линь Сяодан, SEPCO III, Dongfang Electric Corporation ва бошқа
компаниялар раҳбарлари иштирок этди.
Умумий қиймати 2 млрд доллар бўлган ушбу станцияларнинг тўлиқ фойдаланишга
топширилиши натижасида 2 млн
хонадондонда электр энергиясидан узлуксиз фойдаланиш, 2 млрд куб метр табиий газни тежаш,
саноат ва хизматлар соҳасида 4 млрд
долларлик қўшилган қиймат яратиш имконияти пайдо бўлади.
Жумладан,
Кармана ва Нуробод туманларида умумий қуввати 200 МВт бўлган биринчи қуёш электр станциялари давлат-хусусий
шериклик шартларида тўғридан-тўғри хорижий инвестициялар ҳисобидан қурилди ва шу пайтгача 1 млрд КВт соат энергия ишлаб
чиқарди.
Masdar компанияси эса Жиззах, Самарқанд ва Сурхондарё вилоятларида умумий қуввати
900 МВт бўлган учта фотоэлектр станцияси қуриш лойиҳасини якунлади. Навоий
вилоятининг Томди туманида 500 МВт қувватга эга шамол электр станциясининг
биринчи босқичи қуриб битказилди.
Бундан ташқари, Хитойнинг China Gezhouba Group компанияси
томонидан Бухоро ва Қашқадарё вилоятларида умумий қуввати 1000 МВт бўлган
иккита қуёш станциясининг биринчи босқичи қурилиши якунланди.
«Жаҳонда ишлаб чиқариш занжири ва логистика билан боғлиқ
муаммолар қанчалик мураккаб эканига қарамасдан, биз бу борада Goldwind,
Sungrow, Jolywood, Longi каби компаниялар билан самарали иш олиб бордик», —
деди президент.
Маросимда давлат раҳбари хорижлик ҳамкорлар билан биргаликда
янги энергетика қувватларини ишга тушириш ва тармоққа улаш ишларига старт
берди. Президент инвесторлар, муҳандислар ва қурувчиларга миннатдорлик
билдирди.
Президент ўз нутқида соҳани ривожлантириш бўйича келгуси
режаларга тўхталиб ўтди: «Биз бугун амалга ошираётган улкан ишлар энергетика
тармоғидаги ислоҳотларнинг навбатдаги қадамидир. Бу чора-тадбирларни тизимли
давом эттириб, рақобатли бозор механизмларига босқичма-босқич ўтамиз», - деди.
Айни пайтда Ўзбекистонда 9 ГВт қувватга эга 22 та қуёш ва
шамол электр станцияларини қуриш лойиҳалари устида иш олиб борилмоқда.
Умуман олганда, 2030 йилга келиб «яшил» энергетика манбаларининг қувватини 27 ГВтга етказиш режалаштирилган. Бу ҳар йили 25 млрд куб метр табиий газни иқтисод қилиш ва атмосферага зарарли ташланмаларни 34 млн тоннага қисқартириш имконини беради.