09.07.2024 08:07

Россиянинг Украинага ялпи ҳужумлари натижасида энг камида 37 киши ҳалок бўлди

8 июль куни эрталаб Россия Украинанинг Киев, Днепр, Кривой Рог ва бошқа шаҳарларига йирик ракета ҳужумини амалга оширди.

«УНИАН» агентлиги маълумотларига кўра, ҳозирда бутун Украина бўйлаб 37 нафардан ортиқ одам ҳалок бўлган ва 170 нафардан зиёд киши жароҳатланган.

Украина президенти Владимир Зеленский ҳужум вақтида мамлакат бўйлаб 40 дан ортиқ турли ракеталар учирилганини билдирди. Уларнинг аксарияти уриб туширилган.

Ракеталардан бири Киевнинг Шевченковский туманида жойлашган «Охматдет» болалар шифохонаси бўлимига келиб тушган. Украина соғлиқни сақлаш вазири Виктор Ляшконинг сўзларига кўра, зарба болалар диализ олган корпусга келиб тушган. Реанимация, операция хоналари, онкология бўлимлари зарар кўрган.

Украина оммавий ахборот воситаларининг аниқлик киритишича, «Охматдет» Украинадаги энг катта болалар шифохонаси ҳисобланади. 620 ўринли шифохонада йилига 18 минггача бола даволанади. Воқеа жойида ишлар кетмоқда; вайроналар остида одамлар бўлиши мумкин.

Россия Мудофаа вазирлиги Украина шаҳарлари ўққа тутилганини тасдиқлади, аммо ҳужум «Украинанинг ҳарбий саноат объектлари ва Украина Қуролли кучларининг авиация базаларига» амалга оширилгани айтилди. «Зарбадан кўзланган мақсадларга эришилди», — дейилади ҳарбий идора баёнотида.

Вазирлик фуқаролик объектларига қаратиб ракета зарбалари берилгани ҳақидаги баёнотларни «ҳақиқатга тўғри келмайди» деб атади ва ҳалокатни Украина ҳаво мудофааси иши билан боғлади.

Мавзуга алоқадор

© 2024 Azon Global. Барча ҳуқуқлар ҳимояланган.