29.12.2023 15:03

Россия кучлари Украинага кенг кўламли ракета ҳужумлари уюштирди

Жуман куни эрталабдан Россия кучлари Украинага йирик ракета ҳужумини бошлади. Мамлакатнинг кўплаб вилоят ва шаҳарларида, жумладан, Киев, Львов, Харьков, Одесса ва Днепрда портлашлар содир бўлди.

Украина полицияси оммавий зарбалар натижасида камида 12 киши ҳалок бўлгани ва 76 киши яралангани ҳақида хабар берди, бироқ қидирув-қутқарув ишлари ҳамон давом этмоқда.

Украина президенти Владимир Зеленский ҳужумни изоҳлар экан, душман томонидан энг камида 110 та ракета учирилганини билдирди.

“Туғруқхона, таълим муассасалари, савдо маркази, кўп қаватли уйлар ва хусусий уйлар, савдо омбори, автотураргоҳ. Киев, Львов, Одесса, Днепр, Харьков, Запорожье ва бошқа шаҳарлар. Бугун Россия ўз арсеналидаги деярли ҳамма нарса билан зарба берди.

У ҳужумлар учун албатта жавоб берилишини маълум ыилди. "Россия террори мағлуб бўлиши керак - ва бу айнан шундай бўлади", - деди у.

Украина Қуролли кучлари Ҳарбий-ҳаво кучлари қўмондонлиги спикери Юрий Игнат руслар ҳаво ҳужумининг турли воситаларидан фойдаланиб, Украинанинг бутун ҳудуди бўйлаб кучли зарбалар берганини айтди.

"Деярли ҳамма нарса учирилди. Кўринишидан, «Калибр»лар йўқ эди, лекин «Кинжал», С-300 баллистикаси ва қанотли ракеталарни кўрдик... «Шаҳед»лардан ҳам фойдаланилганига гувоҳ бўлдик. Улар ҳам жануби-шарқий йўналиш бўйлаб учиб ўтди", - деди у.

Россия Украина шаҳарларига қилинган ракета ҳужумига ҳозирча изоҳ бермади.

Мавзуга алоқадор

© 2024 Azon Global. Барча ҳуқуқлар ҳимояланган.