Россияда тожик диаспораси қўрқув ва хавотирлар остида яшамоқда
Москва яқинидаги “Крокус Сити Холл” концерт залида содир бўлган терактдан кейинги кунларда Россия бўйлаб бегуноҳ тожик муҳожирларига нисбатан таҳдидлар, оғзаки ҳақоратлар ва ҳуқуқ-тартибот идораларининг эътибори ортган. Нафақат тожикистонликлар, балки Марказий Осиё диаспорасининг бошқа вакилларига ҳам дискриминация кучайган, деб ёзди Eurasianet нашри.
Европалик
ёки "славян бўлмаган" одамлар учун Россия пойтахтида квартира топиш
ҳар доим қийин бўлган ва бу энди янада қийинлашади. Москвада яшовчи 35 ёшли
тожикистонлик Атовуллонинг Eurasianet нашрига айтишича, уй эгаси “Крокус”
фожиасидан сўнг дарҳол уни ҳеч қандай изоҳсиз уйдан чиқариб юборган.
“Ўтган йиллар
давомида Россияда вазият оғир эди. <…> Ҳозир кўчада юришнинг иложи йўқ,
ҳамма сиздан қўрқади, сиздан қочади”, деди Атовулло Eurasianet нашрига берган интервьюсида.
Атовуллонинг таъкидлашича, у
Тожикистонга қайтишга қарор қилган, чунки асосан ёш болалари душманлик муҳитида
яшашга мажбур бўлишидан қўрқмоқда.
2023 йилги расмий маълумотларга кўра, Россияда 1,3 млн га яқин тожикистонлик
истиқомат қилади. Бироқ бу рақам норасмий яшовчи тожикистонликлар ҳисобига ортиши мумкин. Шунингдек,
кўплаб тожиклар аллақачон Россия фуқаролигини олган.
“Крокус”
фожиасидан сўнг ижтимоий тармоқларда муҳожирларни оммавий депортация
қилиш бўйича янги чақириқлар, баъзан эса янада радикалроқ баёнотлар пайдо бўлди. Такси иловалари орқали сафарга буюртма берган
одамлар буюртмани қабул қилишга рози бўлишдан олдин ҳайдовчи тожикми ёки йўқми,
деб сўрай бошлаган.
Санкт-Петербургдаги Yandex таксида ярим кунлик ишлайдиган 23
ёшли тожикистонлик Некрузнинг айтишича, ўнлаб потенциал мижозлар ундан
қаерданлигини сўрашмоқда.
Унинг тожикистонлик эканини билиб, буюртмани бекор қилишмоқда.
“Бир ҳовуч одамлар бутун бир халқни шарманда қилди. Энди
улар бизга лаънатлангандек қарашяпти”, - дейди Eurasianet нашрига. “Шаҳарда юрганингизда, ўзингизни хавфсиз ҳис
қилмайсиз. Ижтимоий тармоқлардаги ёпиқ гуруҳларда одамлар гуруҳлар яратиб,
қасос олмоқчи бўлган изоҳларни кўриш мумкин”, — дея қўшимча қилди у.
Россияда истиқомат қилувчи яна бир тожикистонлик Дилором қўрқувдан ортига қараб-қараб
юришини таъкидлади.
“Мен
кўчага чиқмаяпман ва душанба кунлари ишга бормаяпман, - дейди у интервьюда. - Агар
мен ғазабланганлар [ксенофоблар] қўлига тушиб қолсам, тирик чиқиб кетишимга
ишончим йўқ”.
Тожикистоннинг
Москвадаги элчихонаси Тожикистон фуқароларини одамлар гавжум жойларга
бормасликка чақирди.