28.03.2024 08:52

Россияда меҳнат муҳожирларини ишга ёллашни назорат қилувчи ташкилот тузилади

Россия Меҳнат ва аҳолини ижтимоий муҳофаза қилиш вазирлиги “Россияда ишлаш” ("Работа в России") давлат компаниясини меҳнат муҳожирларини ташкилий ёллаш операторига айлантиришни таклиф қилди, дея хабар бермоқда ТАСС.

Вазирлик Меҳнат ва бандлик федерал хизмати (Роструд) билан биргаликда тегишли президент фармони лойиҳасини ишлаб чиқди. Ҳужжатга кўра, "Россияда ишлаш" давлат назорати остида бўлади, у орқали мигрантлар ташкилий ишга қабул қилиш доирасида иш берувчилар билан шартномалар тузадилар.

Чет эл фуқароларининг Россия ҳудудида бўлишини назорат қилиш Ички ишлар вазирлигига юкланган.

Меҳнат ва аҳолини ижтимоий муҳофаза қилиш вазири ўринбосари Дмитрий Платигиннинг сўзларига кўра, вазифа маҳаллий компаниялар учун хорижлик ишчиларни жалб қилишнинг устувор моделига ташкилий ёллашдан иборат. Механизм ходимларни малакага қараб танлаш имконини беради.

"Россияда ишлаш" чет эллик ишчи билан шартнома тузади, ишчилар реестрини юритади, ишчиларнинг қайси иш берувчи эҳтиёжига кўра мамлакатга келганига қараб, бевосита унинг қўлида банд эканини мониторинг қилади. Шунингдек, “Россияда ишлаш” чет эллик ишчи томонидан иш берувчида бўлиш режимини бузиш ҳолатлари ҳамда иш берувчи мигрантнинг меҳнат ҳуқуқларини бузган ҳолатлар ҳақида тегишли органларга хабар беради.

Аввалроқ Меҳнат вазирлиги мигрантлар билан меҳнат шартномасини тузиш муддатини икки йил билан чеклашни таклиф қилган эди. Агар иш берувчи ташкилий ёллаш доирасида чет эллик ишчи билан тузилган шартномани муддатидан олдин бекор қилса, мигрант 30 кун ичида Россия ҳудудидан чиқиб кетиши керак бўлади. Бироқ мақсадли ишга қабул қилишда иштирок этаётган янги иш берувчи у билан меҳнат шартномасини тузса, ишчининг мамлакатни тарк этиши талаб қилинмайди.

Мавзуга алоқадор

© 2024 Azon Global. Барча ҳуқуқлар ҳимояланган.