Россия ва Хитой АҚШнинг Ғазо бўйича резолюциясига вето қўйди
Россия ва Хитой БМТ Хавфсизлик Кенгаши йиғилишида АҚШ таклиф қилган Ғазо секторида ўт очишни тўхтатиш бўйича дипломатик саъй-ҳаракатларни қўллаб-қувватлашга қаратилган резолюцияга вето қўйди.
АҚШнинг БМТдаги элчиси Линда Томас-Гринфилд резолюцияга вето
қўйилганидан афсусда эканини айтиб: “Россия ва Хитой АҚШ таклиф қилган резолюцияга шунчаки овоз
беришни хоҳламади”, - деди.
Россиянинг
БМТдаги доимий вакили Василий Небензя эса Америка ташаббусини танқид қилиб, уни
«иккиюзламачилик» деб атади ҳамда Россия бундай лойиҳани қўллаб-қувватламаслигини
таъкидлади.
“Биз
бундан буён ўт очишни тўхтатиш талабларини ўз ичига олмайдиган ва бизни ҳеч қаерга
олиб бормайдиган маъносиз резолюцияларни қабул қилмаслигимизни айтдик”, - дея
аниқлик киритди у.
Небензя,
шунингдек, Хавфсизлик Кенгашининг доимий бўлмаган аъзолари ўт очишни тўхтатиш
ва гаровга олинганларни озод қилиш бўйича аниқ талаблар билан муқобил резолюция
лойиҳасини тайёрлаганини қайд этди.
АҚШ
резолюция лойиҳасида "тинч аҳолини ҳар томондан ҳимоя қилиш учун зудлик
билан ва барқарор сулҳ" зарурлиги, гуманитар ёрдам етказилишини таъминлаш
ҳамда Исроил ва ҲАМАС ўртасидаги музокараларни қўллаб-қувватлаш зарурлиги
таъкидланган.
The
Washington Post газетасининг хабар беришича, ҳужжатда Ғазога ёрдам етказилишига
чекловлар, тинч аҳолига ҳужумлар ва халқаро қонунлар бузилиши танқид қилинади.
Резолюция, шунингдек, Рафаҳга ҳужум уюштирмасликка чақиради ҳамда “минтақавий
тинчлик ва хавфсизлик учун жиддий оқибатларга олиб келиши” ҳақида
огоҳлантиради.
Эслатиб
ўтамиз, АҚШ бунгача уч маротаба Россия, БАА ва Жазоир томонидан тайёрланган
Ғазо секторида ўт очишни тўхтатишга чақирувчи БМТ резолюциялари лойиҳаларига вето
қўйиш ҳуқуқидан фойдаланган.