АҚШ БМТ Хавфсизлик Кенгашининг Ғазода зудлик билан гуманитар сулҳ талаб қилинган резолюциясига вето қўйди
БМТ Хавфсизлик Кенгашининг фавқулодда йиғилишида 80 дан ортиқ давлат томонидан тақдим этилган Ғазода зудлик билан гуманитар сулҳ тузиш талаб қилинган резолюция лойиҳаси овозга қўйилди.
Хавфсизлик кенгашининг 15 аъзосидан 13 таси ўт очишни тўхтатиш лойиҳасини
ёқлаб овоз берган бўлса, фақат АҚШ сулҳни рад этди. Британия овоз беришда «бетараф» қолди.
Бироқ БМТ Хавфсизлик Кенгашининг доимий аъзоси бўлгани сабабли АҚШ томонидан «йўқ» овози берилгани лойиҳанинг рад этилишига сабаб бўлди.
Ҳамас сиёсий бюроси аъзоси Иззат ал-Ришқ Ғазода зудлик билан гуманитар сулҳ талаб қилинган БМТ Хавфсизлик Кенгашининг резолюция лойиҳасига АҚШ томонидан вето қўйгани ҳақида Telegram`даги саҳифасида ёзма баёнот берди.
Ришк Вашингтоннинг Хавфсизлик Кенгашининг Ғазода ўт очишни тўхтатишни талаб қилувчи резолюция лойиҳасига қарши вето қўллашини кескин қоралади.
"Биз буни ахлоқсиз ва ғайриинсоний муносабат деб ўйлаймиз. АҚШнинг ўт очишни тўхтатиш қарорига тўсқинлик қилиши - босқинчи Исроил халқимизни ўлдиришда бевосита иштирок этиш ва яна қирғин ва геноцидга чақиришдир", - деб ёзди у.
Эслатиб ўтамиз, БМТ бош
котиби Антониу Гутерришнинг БМТ Низомининг 99-моддасига асосланиб Кенгашга
юборган мактубидан иқтибос олинган резолюция лойиҳасида Ғазо секторидаги
даҳшатли гуманитар вазият ва Фаластин халқининг азобларига ишора қилиниб, барча
фуқаролик жамиятлари ҳимоя қилиниши кераклиги таъкидланган.
Шошилинч
инсонпарварлик сулҳига чақирувчи резолюция лойиҳасида барча томонлар халқаро
ҳуқуқ доирасидаги мажбуриятларини бажариш, айниқса тинч аҳолини ҳимоя қилишга
чақирилди.
Резолюция
лойиҳасида барча асирларни зудлик билан ва сўзсиз озод қилиш ҳамда
инсонпарварлик ёрдамидан фойдаланиш имконияти яратилиши талаб қилинган.
АҚШнинг
БМТдаги доимий вакили Роберт Вуд резолюция лойиҳасида ҲАМАСнинг қораланмагани
ва айрим Кенгаш аъзоларининг бу масалада сукут сақлашини қабул қилиш мумкин
эмаслигини билдирди.
Бош котиб
Гутерриш ўз ваколати давомида биринчи марта ўз ваколатларидан фойдаланган,
Ғазодаги гуманитар фалокатнинг олдини олиш учун БМТ Низомининг 99-моддасига
асосланиб, 6 декабрь куни БМТ Хавфсизлик Кенгашига мактуб йўллаган эди.
Гутерриш
"Хавфсизлик Кенгаши аъзоларини гуманитар фалокатнинг олдини олиш учун
босим ўтказишга чақираман ва инсонпарварлик сулҳининг эълон қилиниши талабимни
такрорлайман. Бу жуда долзарб" деган эди.