12.02.2025 06:51

Россия 5 йил ичида Европада уруш бошлаши мумкин - Дания

Дания Мудофаа разведка хизмати Европада келгуси беш йил ичида кенг кўламли ҳарбий можаро содир бўлиши мумкинлиги ҳақида огоҳлантирди. 

"Politico" нашри ёзишича, ҳисоботда АҚШнинг Европадаги иттифоқчиларини қўллаб-қувватлаш масаласига алоҳида эътибор қаратилмоқда. Разведка ҳисоботига кўра, агар Россия можаро пайтида АҚШ Европани ҳимоя қилишга тайёр эмас, деган хулосага келса, у НАТОга қарши ҳарбий ҳаракатларни бошлайди. 

Ҳужжатда, шунингдек, Москва ўз ҳарбий салоҳиятини ошираётгани ва НАТО билан эҳтимолий қарама-қаршиликка тайёрланаётгани таъкидланган. 

Бу прогноз АҚШ президенти Дональд Трампнинг Украинадаги урушни тугатишга қаратилган ташаббуслари фонида эълон қилинди. Дания ҳисоботида можаро тугаган ёки музлатилган тақдирда ҳам бир неча эҳтимолий сценарийлар кўриб чиқилган. Ҳозирча Россия ва НАТО расмийлари бу ҳисобот юзасидан расмий изоҳ бермаган.

АҚШ президенти Дональд Трамп аввалроқ Данияга қарашли бўлган Гренландия оролига кўз олайтираётган эди. Турли чиқишлар орқали эътироз билдирган Дания Россиянинг тахминий ҳужумидан хавотирланиб АҚШга оролни тақдим қилиши ҳам мумкин.

Мавзуга алоқадор

© 2024 Azon Global. Барча ҳуқуқлар ҳимояланган.