31.01.2024 10:47

Исроил-Ҳизбуллоҳ зиддияти урушгача борадими?

Исроил-ҲАМАС можароси туфайли бугун фаластинликларнинг шафқатсизларча қирилаётгани, ёш гўдаклар, кексалар ва аёлларнинг геноцидга учраётгани Яқин Шарқдаги вазиятни кескинлаштириб юборди. Ҳатто зиддиятга Ливаннинг катта нуфузга эга бўлган Ҳизбуллоҳ ҳаракатининг аралашиб қолиш эҳтимолини юзага келтирди. Тўғри, ҳозирча Исроил ва  Ҳизбуллоҳ ўзаро жанги чегарадош ҳудудларни ўққа тутиш билан чегараланган. Аммо зиддият 2006 йил июлидаги 34 кунлик, Исроилнинг мағлубиятига олиб келган уруш каби кенг қамровли ҳарбий ҳаракатларга олиб келмаслигига ҳеч ким кафолат бермайди.

Афсуски, бир асрдан ошди, Яқин Шарқда тинчлик йўқ. Ҳаммасига биринчи Жаҳон урушида Усмонийлар мағлуб бўлиши ва 1923 йилда империя сифатида парчаланиб кетиши сабаб бўлди. Натижада Британия илгари уларга тегишли бўлган Яқин Шарқнинг шу қисмини, яъни Фаластинни ўз назоратига олди. Ҳудудда яҳудий озчилик, араб кўпчилик ва яна бир қанча майда этник гуруҳлар истиқомат қилар эди. Халқаро ҳамжамият Буюк Британияга Фаластинда яҳудий халқи учун "миллий уй" бериш вазифасини юклагандан сўнг араб ва яҳудийлар ўртасида зиддият ўса бошлади. Бу Британия ташқи ишлар вазири, асли яҳудий Артур Балфурнинг Британия яҳудий жамоасига берган ваъдаси - 1917 йили эълон қилинган Балфур декларацияси билан боғлиқ эди.

Артур Балфур

Бу декларация Британия мандатида назарда тутилган ва 1922 йили янги ташкил топган Миллатлар Лигаси томонидан маъқулланган. Яҳудийлар учун Фаластин уларнинг аждодлари макони, аммо араблар бу ерларни ўзиники деб ҳисоблади ва режага қарши чиқди. XIX асрда сионистларнинг махфий анжуманидан кейин, 1920 ва 1940 йиллар оралиғида бу ерга кўчиб келувчи яҳудийлар сони ортди, айниқса, Иккинчи Жаҳон урушида нацистлар холокостидан кейин. 1947 йили БМТ Фаластин ҳудудини иккига бўлиб, араблар ва яҳудийлар учун икки давлат ташкил қилишга овоз берди. Қуддус халқаро шаҳар бўлиб қолиши керак эди. Аммо Исроилнинг ҳудудларини кенгайтириш уринишлари туфайли ҳамон Фаластин давлати тузилмади. Аксига олиб Фаластин қолиб Исроил Сурия, Миср, Ливан ҳисобига ўз ҳудудларини кенгайтириб олди.  Суриядан Жўлон тепаликлари, Мисрдан Синай ярим ороли, Ливандан жанубий ҳудудлари тортиб олинди. Айни Исроилнинг оккупация сиёсати ўлароқ Ливанда «Ҳизбуллоҳ» қаршилик ҳаракати дунёга келди. 

Ҳарбий жиҳодни ва Исроилни Эрон каби яшашга ҳаққи йўқлигини асосий мақсади деб билган Ҳизбуллоҳ ташкилоти ташкил топган 1980 (айрим манбаларда 1982, баъзиларида1985) йиллардан бери ЦАХАЛ қўшинларига ва уларнинг Ливандаги объектларига ҳужум қилиб келади. Ташкилот Ливанни озод қилиш ишига ҳисса қўшишдан ташқари, АҚШ ва Исроилга нисбатан қўпорувчилик ҳаракатларини содир этиш билан ҳам танилган. Байрутда кўплаб АҚШ ҳарбий денгизчилари ўлимига олиб келган ҳудкуш ҳужумчи бошқарган юк автомобили иштирокидаги, Аргентинада 1992 йили Исроил элчихонасидаги, 1994 йили яҳудийлар жамоати марказидаги портлашлар шулар жумласидан. Унинг дунёга келишига ҳам аслида Исроил сабабчи. Ҳизбуллоҳ 1982-1983 йилларда Исроилнинг Жанубий Ливанга бостириб кириши натижасида озодлик ҳаракати сифатида Эрон ёрдамида оёққа турди. 1992 йилда эса биринчи марта Ливан сайловларида иштирок этиб, сўнгги 30 йилдан бери мамлакатдаги энг йирик сиёсий кучлардан бири бўлиб қолмоқда.

1982 йилги уруш, Ливан.

Ҳизбуллоҳ Ливаннинг аксарият шиалар яшайдиган ҳудудлари – жанубий Байрут, Ливан жануби ва Бекаа водийсининг шарқий қисмини назорат қилади. Ҳизбуллоҳ Суриянинг Башар Асад режими билан ҳам, Эрон билан мустаҳкам муносабатда. Суриядаги фуқаролар уруши чоғида Башар Асаднинг иттифоқчиси сифатида майдонга чиқди ва 10 мингга яқин жангчиларини унинг ихтиёрига берди. Айнан Ҳизбуллоҳ ҳужумлари туфайли ЦАХАЛ 1985 йилда жанубий Ливаннинг эгаллаб олинган ҳудудларининг ярмидан чиқиб кетишга мажбур бўлди. АҚШ ва Франция ҳам тинимсиз портлатиш ҳужумлари туфайли Ливандан ўз тинчликпарвар кучларини олиб чиқди. 2000 йилнинг 24 майида эса Исроил ўз кучларини Ливан жанубидан тўлиқ олиб чиқди, бу билан Исроилнинг узоқ йиллик ҳарбий иштирокига чек қўйилди. Кейинчалик ташкилот Исроил ҳамон Ливаннинг Шебаа фермаси деб номланган кичик ҳудудини эгаллаб турганини эълон қилди. БМТ қарорига кўра, ҳудуд Ливаннинг эмас, балки Суриянинг Исроил ишғол қилган Жўлон тепаликларининг бир қисмидир. Бунга қарши бўлган Ҳизбуллоҳ Сурия маъқуллови билан Шебаадаги постларга ҳужум қилиб келади. Аммо асосий мақсади Исроил давлатини йўқ қилиш деб билади. Партия раҳбари Ҳасан Насуруллоҳ таъбири билан айтганда, қуроллантираётган, молиялаштираётган ва руҳлантираётган Эронга сақодатли. Теҳрон ушбу сиёсий ва ҳарбий ташкилотга қурол-яроғни самолёт орқали Дамашққа етказади ва у орқали Ливанга юборилади. Эрон ва Ҳизбуллоҳ Яман, Африка, Ироқ ва бошқа уруш кетаётган давлатларга, ўлкаларга қурол-яроғ етказиб бериш билан ҳам шуғулланади. Молиявий мустақилликка эриш мақсадида унинг наркотиклар, олмос ва одам контрабандаси, пул ювиш каби жиноятларга қўл ургани ҳам аниқланган. Биргина 2022 йилда наркотиклар савдосидан 1 миллиард доллар даромад топган, бу Эрон ҳар йили етказиб берадиган молиявий субсидияга тенг.  

Яқинда ҳаракат етакчиси Ҳасан Насруллоҳ кўпчилик узоқ кутган чиқишида Ливанда ўлдирилган ҳар бир тинч аҳоли вакили учун чегаранинг Исроил томонида ҳам кимнингдир ўлдирилиши кўринишида жавоб берилишини айтганди. Аммо Ҳизбуллоҳ лидери кўпчилик кутганига зид ўлароқ Исроилга уруш очилиши ҳақида эълон қилмади. Шайх ҳаракатни Эрон молиялаштириши ва қўллашини тан олган, лекин унинг айтишича, Теҳрон Ҳизбуллоҳни бошқармайди, урушга кириш-кирмаслик бўйича буйруқ ҳам бермайди. Бир нарсани унутмаслик керакки, агар «Ҳизбуллоҳ» урушга кирадиган бўлса, Исроил ҳозир кўраётганидан жиддийроқ қаршиликка учраши аниқ. Чунки Ғазода уч ойдан бери бир жойда депсиниб турган Исроил мудофаа кучлари мамлакат шимолидаги чегарада кучли Ҳизбуллоҳ армиясига бас келолмайди. Боз устига, ҳарбий экспертларга кўра, Ҳизбулоҳда 150 мингта ракета ва айни пайтда 100 мингдан зиёд аскар бўлиши мумкин ва ҲАМАС бу борада иттифоқчисига яқинлаша олмайди.