Сўз эркинлиги ва Ғазо қирғини: ахборот воситаларида иккиланма мезонлар
Сўз эркинлиги Ғарбу Шарқдан, Жанубу Шимолдан қатъи
назар инсоннинг ва инсониятнинг ажралмас ҳуқуқидир. У замони ва маконидан,
миллати ва ирқидан, дини ва эътиқодидан қатъи назар ҳамма ва ҳар ким учундир.
Фақат шу аснода тушунилганда ва амал қилганда ҳаётбахшдир.
Халқаро стандарларга кўра сўз эркинлиги жамиятнинг
билмоқ ҳуқуқидир, ҳамма воқеа ва ходисаларни ҳаққоний билмоқдир. Воқеа
ходисаларни нотўғри, аслига номувофиқ етказиш сўз эркинлигига зиддир. Шу билан
бирга жамият, инсоният огоҳ бўлиши, билиши керак бўлган маълумотларни айтмай
туриш, бирёқлама хабар қилиш, ахборотни беркитиш, жим туриш ҳам сўз эркинлигига
ва оммавий ахброт воситлари эркинлигига зиддир, хиёнатдир.
Сўз эркинлиги рост сўзлаш ҳуқуқи ва ёлғон сўзламаслик
имконига бўлмоқдир.
Билганимизга кўра, мубин динимиз Исломда мудом ҳақда
туриб, рост сўзлашга даъват этилади. Чунки ёлғон оқибатда хиёнат, туҳмат,
бўҳтон, ширк каби қабиҳликларга судрайди. Русулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам
хавфу хатар кўрсак ҳам, рост сўзлашни, гарчи фойда кўриб турган бўлсак ҳам,
ёлғондан сақланишимизни амр этганлар. Аллоҳ таоло Қуръони каримда ёлғончи,
йўлдан озган ва адашганларни қаттиқ огоҳлантирган. Динимиз ёлғон гувоҳлик беришни
Аллоҳга ширк келтириш билан баробар катта гуноҳ ҳисоблайди. Абу Бакр розияллоҳу
анҳудан ривоят қилинишича, «Русулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Сизларга
катта гуноҳлар ҳақида хабар берайми?” деб сўрадилар. Биз: “Ҳа айтинг, ё
Аллоҳнинг расули!” дедик. Шунда у зот: “Аллоҳга бирор нарсани шерик қилмоқ,
ота-онага оқ бўлмоқ”, деб суяниб турган жойларида ўтириб олдилар-да: “Огоҳ
бўлинглар, ёлғон сўз ва ёлғон гувоҳлик бериш”, деб такрорлайвердилар, ҳатто
биз: “Қанийди энди тўхтасалар”, деб истаб қолдик».
Русулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам яна бундай айтганлар:
“Доимо тўғрисўз бўлинг. Чунки тўғрисўзлик яхшиликка етаклайди, яхшилик эса
жаннатга олиб боради. Киши тўғри сўзда давомли бўлади ва ҳатто Аллоҳ таоло
ҳузурида ростгўйлардан деб ёзилади. Ёлғондан сақланинг. Чунки ёлғон гуноҳга
олиб боради, гуноҳлар эса дўзахга етаклайди. Киши ёлғон гапиришда давом этади
ва ҳатто Аллоҳ таоло ҳузурида ёлғончилардан деб ёзилади”.
Кўриб ўтганимиздек, сўз эркинлиги эътиқодимиздан ҳам
келиб чиқадиган умуминсоний қадриятдир ва дунё ҳамжамияти томонидан эътироф
этилгандир.
Афсуски, ана шу дунё ҳамжамияти ва дунё матбуоти бу
умумэътироф этилган халқаро ҳуқуқларга ҳамиша ҳам содиқ қолмаётир. Бу ҳолатни
айни кунларда оммавий ахборот воситалари негадир “Исроил-ҲАМАС уруши” деб
атайдиган Исроил-Фаластин қирғинида кўриш мумкин.
Сўнги хабарларга кўра, Ғазо бўлгасида ҳалок
этилганлар сони 13,3 минг инсонни такил этди ва унинг 5,6 минги болалардир.
Ярадор ва мажруҳларнинг сони 31 минг кишига етган.
Aljazeeraнинг хабарига кўра яҳудийлардан вафот
этганлар сони 1,2 минг киши ва уларнинг деярли бари мужодаланинг илк кунида
вафот этганлардир. Шундан бери қирғин бирёқлама кетмоқда ва дунёнинг кўз ўнгида
фаластин халқи қириб юборилмоқда.
Фаластиннинг WAFA агентлиги хабарига кўра, кечагина
БМТнинг қочқинларга мадад бериш ва ишларни ташкил этиш агентлигига (БАПОР)
тегишли мактаб ўққа тутилган ва камида 12 инсон ўлдирилган. БМТ эса “гуманитар
сокинлик” беришни сўрашдан нарига ўтмаяпти.
БМТ бош котиби Антониу Гутерриш қурбонлар сонининг
миислсиз кўпайганини қайд этади: "Бир неча ҳафта ичида минглаб болалар
ўлдирилди. Мен БМТ бош котиби бўлганимдан бери ҳеч бир низода бу қадар кўп
қотиллик бўлганини билмайман”. Худди шу сюжет давомида Офир Фальк – бош вазир
Биньямина Нетаньяхунинг маслаҳатчиси баёнот беради: "Биз мутаносибликни сақлаяпмиз,
ҲАМАСни йўқ қиляпмиз", дейди у CNN телеканалида. Негадир ХАМАСга деб отган
бомбалари ва ўқлари фақат тинч аҳолига, гўдаклар ва аёлларга тегмоқда, бу эса қатор
саволларни келтириб чиқаради.
Ғарб матбуоти аксарият ҳолатларда иккиланма мезонлар
билан ҳаракат қиляпти ва шу тахлит яшамоқда.
Ёдингиздадир, Толибон жазоси ва босимига учраган
покистонлик қизалоқ Малала Юсуфзай ҳақида бутун дунё ёзди ва гапирди. Уни БМТ
ҳимоясига олди ва ҳозир у Британияда яшамоқда. Ғазода ўлган гўдаклар-чи? Улар
инсон эмасми? Исроилнинг қўлидан ўлган ва ўлаётган инсонлар халқаро ҳуқуқ
ҳимоясидан мосуво этилганми?
Бошқа бир воқеани эслайлик. АҚШда полициячилар қора
танли Жорж Флойдни ҳибсга олиш жараёнида 2020 йил 25 майида Миннеаполисда бўғиб
ўлдириб қўйишди. Воқеани СНН, ББС, Евроньюс каби барча халқаро ахборот
корпорациялари, телеканаллар уч ой давомида ёритди. Ҳатто полициячи Дерек Шовин
уни бор-йўғи 8 дақиқа ва 46 сония ушлаб турганигача ўрганилди. Чикаго-авенюнинг
38-чи чорраҳасидаги қотиллик қурбонига, олган сигаретаси учун тўлаган 20
долларлик пули сохта бўлиши гумон қилинган қора танлига бутун дунё ачинди.
Унинг видеотасвири ва «Мен нафас ололмаяпман» (I can't breathe) чинғириғи бутун
дунёга тарқатилди.
Хўш, Фаластинда ҳар сония ўлдирилаётган гўдаклар,
оналар ва болаларнинг нафас олиш тугул, умри хазон бўлаётгани нега дунё
матбуотини у қадар ҳаракатга келтирмаяпти?
Ўша полиция ўлдирган қора танли ходисаси ҳатто кино
қилинди ва "Миннеаполис инқирози" номи билан дунёга тарқатилди. Ғазо
қурбонларига эса аксарият дунё матбуоти кооридадаги ҳўкизни пичоқлаган
тореадорларга қарагандай томоша қилмоқда.
Ўша қора танли ходисасидан сўнг дунёда BLM (“Black
Lives Matter” – "Қора танлининг ҳаёти ҳам муҳимдир") деган ҳаракат
юзага келди. Нега бугун “Ғазо аҳлининг ҳаёти ҳам муҳим” деган ҳаракат дунёга
келмаяпти?!
Дунёнинг бу юзсизлигига бир чимдим ҳақиқиатни
тонналаб ёлғон остига кўмиб юбораётган улкан технологик цензорларга айланган
халқаро ахборот корпорациялари ҳам сабабчидир.
Мен кўпроқ Евроньюсни кўраман. Кеча гаровдагилардан
бирининг Ғазодаги бомбардимон қилинган бинолардан бирининг чиқишида топилганини
ҳам ёзиб, сюжет қилди. У аслида исроилликларнинг бомбасидан ҳалок бўлгани
кўринади. Лекин уни яна террористларнинг қурбони қилиб кўрсатишяпти.
Ўнлаб сюжетларида Ғазода гаровга олинганларнинг
оилалари билан интервьюлар беради. Уларнинг ота-онаси, оиласи кутаётганини
сўзлайди. Ғазода ўлаётганларнинг ота-онаси, оиласидан нега аҳвол сўрашмайди?
Инчунун, аҳли инсон бу сирада ҳақиқатни талаб қилиши
кимсасиз саҳродаги чақириш каби қолмоқда. Бугун Аллоҳдан умид қилиб, биргаликда
ҳаракат қилишда нажот бор...
Абдулкарим БАҲРИДДИН