Яқин Шарқда АҚШнинг нечта ҳарбий базаси мавжуд?
Яқин Шарқ – ҳар доим, бутун инсоният умри давомида дунёнинг энг қайноқ нуқтаси бўлиб келган. Минг йиллар давомида бу минтақа турли империяларнинг диққат марказида турган ва қўлдан-қўлга ўтган, гўёки бу ҳудудни назорат қилганлар бутун дунёни бошқариши мумкиндек қаралган. Айниқса, турли муқаддас динларнинг ўчоғи ва каъбаси (жумладан, мусулмонларнинг ҳам илк каъбаси) бўлмиш Қуддус кимнинг қўлида бўлса, дунёга ҳукмини ўтказган.
Бугун ҳам
Яқин Шарқ турли державалар кўз тиққан қайноқ нуқта бўлиб турибди. Ҳатто Яқин Шарқдан
минглаб километр узоқликда, дунёнинг нариги томонида жойлашган АҚШ ҳам ушбу минтақани
бошқариш ва назорат қилиш учун ҳаракат қилиб келмоқда. Усмонлилар империяси
қулатилганидан кейин айниқса бир кун ҳам тин олмаётган, ҳар куни, ҳар соатда
кимнингдир қони ва кўз ёшлари оқизилаётган бу ҳудудда АҚШнинг ўнлаб ҳарбий
базалари, минглаб аскарларини борлиги бежиз эмас.
АҚШнинг
хориждаги ҳарбий базалари
2022 йил сентябрь ҳолатига кўра, АҚШнинг 80 дан зиёд давлатдаги (айрим манбаларга кўра, 172 та) 750 дан ортиқ ҳарбий базаси мавжуд бўлиб, бутун дунёдаги ҳарбий базаларнинг 75-85 фоизи айнан Америка ҳиссасига тўғри келади. Улардан энг кўпи Япония (53 973), Германия (35 781) ва Жанубий Кореяга (25 372) жойлаштирилган. Ушбу уч давлатда АҚШнинг мос равишда 120, 119 ва 73 та ҳарбий базаси фаолият кўрсатмоқда. Хориждаги АҚШ ҳарбийлари сони эса 170 мингдан ортиқроқ.
Al JAzeera бу рақам
"Барча маълумотлар Пентагон томонидан эълон қилинмагани сабабли бундан ҳам
кўпроқ бўлиши мумкин", деб ҳисоблайди.
Кўпгина
АҚШ ҳарбий базалари Иккинчи Жаҳон Урушидан кейин қурилган бўлиб, Қўшма Штатлар
асосий рақиблари ҳисобланган Германия ва Японияда ўзининг энг кўп сонли ҳарбий
базаларини жойлаштириш орқали “дунё етакчиси ва тинчлик ўрнатувчиси мавқеини
эгаллагани”ни кўрсатиб қўйди. Совуқ уруш ва Корея уруши ҳам АҚШга глобал ҳарбий
экспансини кенгайтириш имконини берди.
Ҳарбий
базалар АҚШга қанчага тушади?
Хориждаги
ҳарбий базалар таъминоти, бу – жуда катта харажат. 2001 йилнинг октябридан 2020
йилнинг сентябригача АҚШ солиқ тўловчилари Афғонистон, Ироқ, Сурия ва
Покистондаги урушларда қатнашган федерал ҳукуматга 6,4 трлн доллар тўлаган. Бевосита
урушлардан ташқари, минтақада ҳарбий жиҳатдан мавжуд бўлишнинг ўзи ҳам арзон
турмайди. Foreign Policy маълумотларига кўра, АҚШ фақатгина Форс кўрфази
ҳудудидаги ҳарбий харажатларига ҳар йили 50 млрд долларгача йўналтиради.
Қўшма
Штатлар армияга ҳар бир киши учун 2169 доллар сарфлайди. Умуман олганда, АҚШ
умумий харажатларининг қарийб 12 фоизини ҳарбий соҳага сарфлайди, Хитойда эса бу
кўрсаткич 4,79 фоизни ташкил қилади. Жумладан, 2022 йилда АҚШ ўз ҳарбий
соҳасига 877 млрд доллар сарфлади ва бу Хитой, Россия, Ҳиндистон, Саудия
Арабистони, Буюк Британия, Германия, Франция, Жанубий Корея, Япония ва Украина
ҳарбий харажатларини жамлагандан кўп. Ҳисоботга кўра, бу рақам Украинага 19,9 млрд
долларлик ҳарбий ёрдамни ҳам ўз ичига олади.
2023
йилда бу харажатлар 858 млрд долларни ташкил этган бўлса, 2024 йилги бюджет эса
рекорд даражадаги 886 млрд доллар (+3% ёки 28 млрд долларга кўпроқ) этиб белгиланди.
Ушбу харажатларнинг катта қисми, табиийки, хориждаги ҳарбий базалар фаолиятини
ташкил этишга йўналтирилмоқда. Жумладан, 14,7 млрд доллар Ҳинд-Тинч океани
минтақасида “Хитойни тийиб туришга” йўналтирилади.
2023
йилги ҳолат қандай?
2023
йилда Яқин Шарқ ва Жанубий Хитой денгизида кескинлик кучайгани сабабли АҚШ ушбу
ҳудудлардаги ҳарбий иштирокини оширди.
Жумладан,
7 октябрдан Исроилнинг Ғазо секторида кенг кўламли геноцидни амалга ошираётгани
фонида АҚШ АҚШ Исроилга катта миқдорда ҳарбий ёрдам кўрсатмоқда
ва бутун Яқин Шарққа янада кўпроқ қўшин юборди.
Исроил-Фаластин
уруши минтақага ҳам ёйилишни бошлаб, Ироқ ва Сурияда ўнлаб АҚШ ҳарбий
базаларига ҳужумлар уюштирилганидан сўнг АҚШ Яқин Шарқдаги базаларига қўшимча
кучларни юборишини билдирди.
Хитой ва
Тайван ўртасидаги Жанубий Хитой денгизида ҳам йил бошидан буён кескинлик
кучайган. Тайван мудофаа вазири Чиу Куо Ченгнинг сўзларига кўра, Хитой қарийб
75 йилдан бери ўзини ўзи бошқариб келаётган орол устидан суверенитетга эга деб
ҳисоблайди ва Россиянинг Украинага бостириб кириши ортидан саъй-ҳаракатларини
кучайтириши мумкин.
АҚШ эса Тайванни
расман тан олмаса-да, АҚШ қонунчилиги Тайванни ўзини ҳимоя қилиш воситалари
билан таъминлашни талаб қилади.
Февраль
ойида АҚШ ва Филиппин ўртасида америкалик қўшинларга Филиппиндаги тўртта
қўшимча ҳарбий лагерга киришга рухсат берувчи келишув имзоланди; Улардан
иккитаси Тайван яқинида жойлашган бўлиб, АҚШга жами тўққизта ҳарбий лагерга
кириш ҳуқуқини беради. Филиппин президенти кичик Фердинанд Маркос Хитойга АҚШ
ҳарбийлари учун мавжуд бўлган ҳарбий базалар ҳеч қандай «ҳужум» мақсадида
фойдаланилмаслиги, фақат Филиппинга ёрдам бериш учун ишлатилишини айтди.
Яқин
Шарқдаги ҳарбий базалар
2023
йилнинг июнь ҳолатига кўра, фақат Яқин Шарқнинг ўзида 30 мингдан ортиқ АҚШ
ҳарбий хизматчилари жойлаштирилган.
Яқин
Шарқдаги Америка ҳарбий базалари рўйхати:
Ироқда 2500 га яқин америкалик ҳарбий
хизматчилар мамлакатдаги бир нечта иншоотлар ҳамда ва Ироқ Курдистонидаги бошқа
базаларга (Ал Анбар, Ал Харир, Балад авиабазалари, Эрбил халқаро аэропорти, Хаббания
лагери ва бошқаларга) тарқалиб кетган. Улардан Ироқ ва курд кучлари учун ўқув
базалари сифатида ҳам фойдаланилади ҳамда Ироқ ва Суриядаги нишонларга қарши
операциялар ўтказади.
Қувайтда 13 000 аскар бор ва Қувайт
аэропорти АҚШ учун энг йирик логистика маркази ҳисобланади.
Баҳрайн: Шайх Исо денгиз базаси (7000
аскар). Шунингдек, АҚШ Қирғоқ мудофааси қўмондонлигининг Жануби-Ғарбий Осиё
патрул кучлари ҳам ушбу мамлакатда жойлашган.
БААда тўртта база: Жабал Али,
Ал-Фужайра, Абу-Даби, Ал-Дафра ҳаво базаси (5000 аскар).
Қатарда Яқин Шарқдаги энг йирик Америка
базаси (Ал Удайд авиабазаси) жойлашган бўлиб, у ерда 13 000 дан ортиқ аскар хизмат
қилмоқда.
Саудия
Арабистони: Ал
Амир Султон базаси 3500 дан ортиқ аскар, ҳаво ҳужумидан мудофаа тизимлари ва
махсус кучларни ўз ичига олади.
Сурияда АҚШнинг бир қанча ҳарбий базалари
бор, уларнинг аксарияти Дайр аз-Зор ва Хасакада. Расмий маълумотларга кўра, ушбу
мамлакатда АҚШнинг 5000 дан ортиқ аскари бор ва бу рақамлар, турли
ҳисоб-китобларга кўра, анча юқори бўлиши мумкин. Базалар асосан Сурия
шимоли-шарқидаги нефть конлари яқинида жойлашган.
Жибути: Лемонье базаси (2000 аскар).
Сомали пойтахти Могадишо яқинларида
жойлашган бир неча Америка ҳарбий базасида 2000 дан ортиқ аскар хизмат
қилмоқда.
Туркияда
жойлашган базалардан
АҚШ НАТО доирасида фойдаланиши мумкин бўлиб, улар -Кюречик радар станцияси,
Инжирлик авиабазаси ва Измир аэродроми.
Санжар
Саид тайёрлади