07.12.2023 16:45

АҚШ Исроил армиясига 10 минг тоннадан ортиқ қурол-аслаҳа юборди

АҚШ Исроилга Ғазо секторида босқинчилик урушини бошлаган 7 октябрдан бугунга қадар 200 та юк самолёти орқали Исроил армиясига 10 минг тоннадан ортиқ қурол-аслаҳа жўнатганини маълум қилди, дея хабар бермоқда TRT Haber.

Исроил Мудофаа вазирлигининг ёзма баёнотида АҚШдан Исроил армияси учун қурол-аслаҳалар ортилган 200- юк самолёти мамлакатга етиб келганини билдирди.

Баёнотда Исроил Мудофаа вазирлигига қарашли АҚШ таъминот миссиясининг саъй-ҳаракатлари билан амалга оширилган юкларнинг "катта аҳамиятга эга" эканлиги таъкидланди.

Бу доирада "Ғазода уруш бошланган 7 октябрдан  бугунги кунга қадар Исроил армиясига 10 минг тоннадан ортиқ ҳарбий техника жўнатилган" айтилган баёнотда ушбу ёрдам зирҳли транспорт воситалари, қурол-яроғлар, ўқ-дорилар, шахсий ҳимоя воситалари, тиббий таъминот ва бошқаларни ўз ичига олиши қайд этилган.

Аввалроқ АҚШнинг Исроилга 15 мингга яқин бомба ва 57 минг артиллерия снарядини етказиб бергани ҳақида хабар қилинган эди. Улар орасида улкан бункерларни йўқ қилишга мўлжалланган қарийб бир тонналик бомбалар ҳам бор.

Эслатиб ўтамиз, декабрь ойи бошида АҚШ президенти Жо Байден Конгресдан Исроил мудофаасини кучайтириш учун 14,3 миллиард доллар сўраган эди. Бу ёрдамнинг 4 миллиард доллари ракетага қарши мудофаа қобилиятини оширишга, 1,2 миллиард доллари эса "Темир қалқон" ҳаво мудофаа тизимини ривожлантиришга йўналтирилади.

Мавзуга алоқадор

© 2024 Azon Global. Барча ҳуқуқлар ҳимояланган.