30.01.2025 16:00

Нега айрим ўзбек нашрлари мусулмонлар хато қилишини пойлаб ўтиради?


Бугун дунёда ҳақ ва ботил, устида кураш кетмоқда. Ислом душманлари инсониятни Аллоҳнинг ҳақ динидан тўсиш учун қўлидаги барча қуролларини ишга солган бир даврда яшаяпмиз. Бу урушни нафақат Фаластин ёки Ер юзининг бошқа минтақаларида, балки ахборот майдонида ҳам кўряпмиз. Исломни ёмонотлиқ қилиш учун ҳар қандай пасткашликдан тоймайдиган медиалар ёлғон устига қурилган маълумотлар орқали инсонлар онгини бошқаришга интилмоқда. «Ёлғон гапириш гуноҳ эмас, балки нафас олиш усули» бўлган Ғарб сиёсатчиларидан тортиб, турфа интернет сайтларигача одамларни алдашга, оқни қора, қорани эса оқ қилиб кўрсатишга уриняпти.

Мисол учун, яқиндагина Америка ОАВлари Ироқда 9 ёшли қизчанинг 35 ёшли йигитга турмушга чиққани ҳақидаги фейк хабарларни тарқатди. Улардан шоша-пиша нусха кўчирган айрим ўзбек нашрлари ҳам ушбу хабарнинг рост ёки ёлғонлигини текшириб ўтирмай, тилло топган тентакдек халққа жария қилди. Нима эмиш: Ироқда 35 ёшли эркак 9 ёшли қизга уйланибди. Бунга мамлакатда қабул қилинган янги қонун йўл очиб берганмиш. Ушбу қонун қабул қилинганидан кейин биринчи тўй маросими ҳам ўтказилибди. Воқеани ўз кўзи билан кўргандек гапираётган бошловчи, йўлини базўр топиб юраётган 9 ёшга ҳам тўлмаган қизалоқ ва забардаст эркакнинг видео-тасвирларидан ваҳимага тушмасликнинг иложи йўқ.

Бу хабар комментларда исломофоб, даҳрий ва мунофиқларга ҳам жон киргизиши табиий. Улар нашрларга жўр бўлиб, мусулмонларга ва Исломга қарата тош ота бошлайди.

Бироқ ёлғон қанчалик пухта тўқилмасин узоққа бормайди. Журналист Муҳаммад Абу Фирасанинг ёзишича, Ғарб матбуотининг мусулмонларни айблаш учун ўйлаб топган ёлғони ҳам фош бўлиб қолди. Улар томонидан бизга улашилган тасвирлардаги ўрта ёшли эркак куёв эмас, қизалоқнинг акаси, ўтказилган маросим эса тўй эмас, балки либослар кўргазмаси бўлиб чиқди.

Очиғи исломофоб ОАВлар қизил қор ёққандагина жамоатчиликдан алдагани учун узр сўрайди. Юқорида айтганимиздек, улар ҳар қандай йўл билан бўлмасин инсонларни адаштиришса бўлгани. Америкалик пропагандачи журналист Жон Крил айтганидек, улар учун «ғоянинг кучи унинг илҳомлантирувчи қийматида; маълумотларнинг рост ёки ёлғонлиги муҳиммас». Яъни, қандай усулда бўлмасин тарғиботчилар оддий халқни ўзининг чизган чизиғига солса бўлгани. 

Фақат бизни ажаблантирадиган жиҳати: баъзи ўзбек нашрлари қачонгача Ироқда гўдаклардан тортиб, ҳомиладор аёлларгача ўлдирган, ҳозирда Исроилга минглаб муслималар қирғини учун тонна-тонна бомба юбораётган америкаликларнинг ноғорасига ўйнайди?! Ёки бир пайтлари ватанпарвар ота-боболаримизни бизга «босмачи» деб таништирган рус босқинчиларининг гитарасини чалади. Уларнинг кутилмаган «меҳрибончилиги»га шубҳа билан қарамайди?! Қачон асл қадриятларимизни, маҳкам тутиб, мусулмонлар манфаатини кўзлаб иш қилувчи, ҳақиқатни ёлғондан ажратувчи ОАВларга айланишади? 

Эслаб кўрайлик, 2003 йилда АҚШ бошлиқ Иттифоқчи кучлар охирида асоссизлиги маълум бўлган баҳоналар билан мустақил Ироққа бостириб кирди. Бир ярим миллион инсонни қириб юборган босқинчилар ўзини «Ироқ халқига озодлик ва демократия олиб кирувчи»лар деб аташди. Халқини ва ватанини ҳимоя қилганларни эса бутун дунёга «Ислом террорчилари» деб ёйди.

Худди шу каби йиллар давомида зулм ва қийноқлар ичида ҳаёт кечираётган фаластинликлар босқинчиларга қарши бош кўтарганида уларни ҳам террор ҳаракати деб атаган шу Ғарб нашрлари бўлди.

Ахир сохта «цивилизациялашган» мамлакатлар оммавий ахборот воситаларининг ёлғончилиги ва иккиюзламачилиги айни дамда сир бўлмай қолдику. Ёлғонни сув каби ичиб юборадиган бундай  ОАВлар бизга геноцидларни, портлашларни ва бошқа мамлакатларнинг талон-тарож қилинишини оқлаб кўрсатмаяптими?!

Аслида қонимизни ичиб тўймайдиган, инфратузилмаларни вайрон қилиб, миллатимизни талон-тарож қилаётган, мусулмонларнинг диёрларини бангиларга тўлдириб, онгимизга порно маданият ва атеизмни сингдирувчи Ислом душманларидан эҳтиёт бўлишимиз керакмасми?

Кеча ва бугун мусулмонлар «эрта турмуш қуриш» важидан Ироқ ёки Фаластинни ташлаб қочмаяпти, аксинча анча «цивилизациялашган» Ғарбнинг бомбалари остида қолиб, юртидан, молидан, жонидан, жонидан ортиқ кўрган яқинларидан айрилмоқда. Уларнинг оҳ-воҳларини эса бугун эрта турмушга чиқаётган муслималар учун «қайғураётган» сиёсатчилар эшитишни исташмаяпти. Улар мусулмонларнинг оғир аҳволини оромкурсисида хотиржам ўтириб, музқаймоқ ялаб кузатмоқда. Яқин Шарқда минглаб келинлик бахтини кўрмаган қизалоқларимиз шу иккиюзламачиларнинг ракеталари портлаши оқибатида ҳалок бўлмоқда.

Афсуски, ушбу оддий ҳақиқатларни ўзимизнинг баъзи ОАВлар ҳам тушунишни истамаяпти. Ёки билиб туриб Ислом душманларининг тегирмонига сув қўймоқда. Айниқса, Ғарб нашрлари «Афғонистонда аёлларнинг ҳуқуқлари бузилмоқда», «мана ҳукумат мусулмонлар қўлига ўтса аёллар қандай аҳволга тушади», дея тасаввур уйғотиш мақсадида тайёрлаган хабарларини, афғонларга қўшни бўлишимизга қарамай океан ортидагилардан кўчириб босяпмиз. Жумладан, «Афғонистондаги «Толибон» муваққат ҳукумати аёлларга нафақат эркаклар, балки аёллар билан ҳам очиқчасига гаплашишни тақиқлади», «Толибон» аёлларни деразадан қарашини ҳам тақиқлаб қўйдиди» ва ҳоказо хабарларни кўп сонли кузатувчиларига эга сайтлар ҳам ҳеч иккиланмасдан эълон қилди. Ҳолбуки ушбу хабарлар ҳам фактчекинг қилинганида ёлғон ёки нотўғри талқин этилгани аён бўлганди.

 Яқин тарихимизга назар ташласак, худди шу Ғарб кучлари яна бир арзимас баҳона билан Афғонистонга бостириб кирди. Ўн тўққиз йил давомида бировнинг юртида хўжайинчилик қилди, юз минглаб тинч аҳолининг ёстиғини қуритди, аммо уларни ҳанузгача олижаноб деб билишимиз, Афғон тупроқларида киприк қоқмай қотиллик қилганларнинг бу ердан қочиб кетишга мажбур бўлгач, муслима аёллар учун «қайғураётгани»га ишонишимиз ўтакетган соддадиллик эмасми?

Бир сўз билан айтганда, мусулмонларни олабўжи қилиб кўрсатаётган босқинчиларнинг хабарларини тўғридан-тўғри таржима қилиб, уларнинг тарғиботига ҳисса қўшиш ўзбек ОАВлари учун уятдир! Зеро бу билан халқни чалғитишга, уларни ўзгаларнинг қулига айлантиришга ҳисса қўшамиз. Мақоламизни Америка пропагандачиларининг отаси бўлган Эдвард Бернейснинг қуйидаги гаплари билан якунламоқчиман:

«Биз улар ҳақида умуман эшитмаган одамлар бизни бошқаришади, дидларимизни шакллантиришади ва ўзларининг фикрларини онгимизга сингдиришади. Аста-секинлик билан биз дунёни уларнинг кўзи билан кўра бошлаймиз. Ҳақиқий манзарани эса инкор этамиз».

Мавзуга алоқадор

© 2024 Azon Global. Барча ҳуқуқлар ҳимояланган.