07.08.2024 18:27

Исломофобия – мусулмонлардан қўрқув маҳсулими?

Афсуски, дин душманлари томонидан тизимли ва пухта ишлаб чиқилган режа асосида охирги 30-40 йилда ислом динидан қўрқиш ва қўрқитиш ҳолати бутун дунё бўйлаб ёйилиб улгурди. Бунинг натижасида “исломофобия” атамаси пайдо бўлди. “Фобия” – “қўрқув” маъносида бўлиб, “исломофобия” сўзи “исломдан қўрқиш” маъносини англатади.

Аслини олганда, бу ҳам мусулмонлар бошига тушган тақдири илоҳий бўлиб, гўё ундан бизни Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам огоҳлантирганлар. Мусулмонлар ўз тақдирларига, илоҳий қисматга рози бўлишлари, сабр-тоқатли ва бардошли бўлишлари керак. Имом Бухорий бобомиз ривоят қилган ҳадисда Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи ва саллам: نُصِرْتُ بِالرُّعْبِ مَسِيرَةَ شَهْرٍ – “Бир ойлик масофадаги қўрқинч сабабли ғолиб қилиндим!” деганлар (Бухорий, 1/438; Муслим, 1/521).

Имом Аҳмад эса ушбу ривоятни бу тарзда нақл қилганлар:

نصرت على العدو بالرعب ولو كان بيني وبينهم مسيرة شهر لملئ منه رعبا

“Душманга қарши қўрқинч ёрдамида ғолиб қилиндим! Агар мен билан уларнинг ораси бир ойлик йўл бўлса ҳам, бундан қалблари қўрқинчга тўла бўлади” (Аҳмад, 2/7068).

Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи ва саллам ушбу гапларини: “Менга бундан олдинги пайғамбарларга берилмаган бешта нарса берилган”, деган жойда айтиб ўтганлар. Яхшилаб ўйлаб кўрилса, ана шу бешта хислат Пайғамбаримиз алайҳиссалом туфайлидан умматларига ҳам берилган, дейишимиз мумкин. Имом Бухорий бобомиз мазкур ҳадисни ривоят қилар эканлар, уни далиллаш мақсадида ояти каримадан ҳам иқтибос келтирадилар:

سَنُلْقِي فِي قُلُوبِ الَّذِينَ كَفَرُوا الرُّعْبَ بِمَا أَشْرَكُوا بِاللَّهِ مَا لَمْ يُنَزِّلْ بِهِ سُلْطَانًا وَمَأْوَاهُمُ النَّارُ وَبِئْسَ مَثْوَى الظَّالِمِينَ

“Аллоҳ ҳужжат нозил қилмаган (бут, санам каби) нарсаларни Унга шерик қилганлари учун тезора кофирларнинг дилларига ваҳима солурмиз. Уларнинг борар жойлари дўзахдир. Золимларнинг жойи нақадар ёмон!” (Оли Имрон, 151).

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам шарофатлари орқали уммати Муҳаммадий маънан ғолибдирлар. Улардан бир ойлик узоқликда бўлсалар ҳам душманлар қўрқув исканжасида қолаверадилар. Шу даражада исломдан ва мусулмонлардан қўрқадиларки, кеча-кундуз исломга ва мусулмонларга нисбатан зулму ситам қилишга чоғланадилар. Исломофобия зулм ва ситамга асосланади. Зотан, бизга исломофобия бўлиши, ҳаётимизда исломофобияга учрашимиз ҳақида башорат қилган юқоридаги ояти каримада айтилганидек, “Уларнинг борар жойлари дўзахдир. Золимларнинг жойи нақадар ёмон!”

Исломофобия ислом тарихига, мусулмонлар пешонасига ёзилган аянчли тақдирдир. Ушбу сўзнинг қачон айтилганининг аҳамияти йўқ, унинг моҳияти ва ҳаракати севимли Пайғамбаримиз Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи ва саллам туғилган кундан бошланган. У бугунги кунгача яйраб-яшнаб келмоқда ва у қиёматгача қоладиган ҳаракатдир. Устозимиз Шайх Дўстмуҳаммад Турсун раҳимаҳуллоҳ: “Мусулмонларга ҳеч бир замонда яхши давр бўлган эмас! Муаммолар барча замонларда мавжуд бўлган” дегувчи эдилар. Зотан, муаммолар мусулмонлар учун бир синовдир. Бу синов мусулмонларни тоблайди, муаммолар қаршисидаги мусулмонларнинг савоби кўпаяди, гуноҳлари эса ювилади. Муаммолар мусулмонларнинг кучларига куч қўшади, ғайратига ғайрат эндиради, ғалаба ва нусрат бағишлайди. Исломофобия эса барча замонлардагидек ўз қўрқинчига қоврилиб, мағлуб бўлиб қолаверади. Исломофобиянинг этагини тутганлар икки дунёда хор, раҳматга эса зор бўлиб қолаверади. Зотан, Сўфи Аллоҳёр бобомиз айтганлари айни ҳақиқатдир:

Ҳасад этган киши дун-и дағалдур,

Бу бир сўз халқ аро эски масалдур:

“Чироғиники, Ҳақ ёндурди қўйди,

Ани ким “пуф” деди, соқоли куйди”.

Исломофобларга ачининг, унинг этагини тутганларнинг қалблари қўрқинчдан куйиб кетаётганидан Сизнинг руҳингиз кўтарилсин. Асло маҳзун бўлманг! Ғайрат-шижоат, ғалаба ва нусрат Сизга ёр бўлсин!     

Ҳамидуллоҳ Беруний.

Мавзуга алоқадор

© 2024 Azon Global. Барча ҳуқуқлар ҳимояланган.