24.12.2023 00:29

Она Замин уйғондими золимларга: "Бас!" демоққа?

Исландия, Италия, Индонезия, Танзания, Коста-Рика, Мексика, Перу, Папуа-Янги Гвинея, Япония, АҚШ, Австралия, Филиппин, Россия, Антарктика... Бу мамлакатларнинг умумий жиҳати шундаки, вулқонлар фаоллиги кескин кучайган... Кўплаб вулқонлар отилиши ҳақида огоҳлантиришлар берилган...

Дунёнинг тўрт бир ёнида нима учун бир вақтда вурқонлар уйғониб, ерлар тинимсиз силкинмоқда?

Ҳа, ҳар ҳолда, уларни фаластинликларнинг оҳу нолалари, фарёдлари уйғотмаяпти, Украинада, Суданда, Ироқда, Сурияда, Мьянмада, Афғонистонда ва бошқа минтақаларда нима учун ўлаётганини билмасдан вафот этаётган тинч аҳоли вакиллари ҳам ўз нолалари билан тоғларнинг тинчини бузаётгани йўқ.

Ахир улар табиат ҳодисалари-ку! Тоғ бўлса, тош бўлса, бақир-чақирларга тебраниб қолармиди?! Ожизларнинг фарёдларини эшитадиган, уларга ёрдам қўлини чўзиб, ҳимоя қиладиган қолмади бу ер юзида! Баланд минбарларда туриб “Биз ожизларнинг ёнида, золимларнинг қаршисидамиз”, деяётганлар сиёсий манфаатларини ўйлашмоқда, холос. Аслида уларнинг ўзлари ҳам қирғинбаротларга бевосита ёки билвосита қўл урмоқда, энг камида золимнинг қўлидан тутиб, тийиб қўя олгани йўқ. Ваҳоланки бунга журъати, имконияти етадиганлар бор эди.

Аксинча, тили қисиқлиги учун ҳам миқ этишмаяпти. Олган қарзлари, золимларга қўш-қўллаб топширган бойликлари уларнинг оғзинию қўл-оёғини боғлаб ташлаган. Асрлар давомида феълу фитратини билиб, бунга гувоҳ бўлиб, неча бор заҳрини тотганига қарамасдан, яна чаёну илонларга, сиртлону шоқолларга шерик бўлишди. Вишиллаб, баъзида ариллаш, тишлаб, чақиб, уриб-тепиб ўз йўриғига солишди-қўйишди.

Ҳа, айтганча, дунё разолатга ботса ҳам, золимларнинг қўл-оёғи, отган таёғи жаҳоннинг ҳар бурчига отилаётган бўлса ҳам, сонлари кам, қуроллари ҳаминқадар бўлган гуруҳлар (!) улар суянган устунларни силкитиб, битта-битта тўка олар экан. Аслида кўҳна очун сонлари, кучлари, қуролларига ишониб ўзлигини, кимлигини унутган, шафқат ва марҳаматни олисларга улоқтирган минглаб элу элатларни кўрмаганмиди? Қани уларнинг шон-шавкати, мол-давлатию куч-қудрати?

Неча буюк империялар зулмнинг чўққисида туриб бирданига йўқлик ва хорлик жарлигига қуламаган? Математик ҳисоб-китоб қилсак, уларнинг бойликлари, аскарлари, иттифоқчилари қутқариб қолиши керак эмасмиди?! Бугун дунёга "майдон ўқимоқчи" бўлаётган империяларнинг ҳам куни яқин қолмадимикан?

Вулқонларга қайтақолайлик. Ғарбу Шарқ, Шимолу Жанубда бир вақтда ёнар тоғларнинг ҳаракатга келишини, сиз майли, тасодифга йўяверинг, аммо мен бунга ишонмайман. Мен ҳеч шубҳасиз ишонадиган ҳақиқатлардан бири шу – зулм ҳеч қачон жазосиз қолмаган, у фақат золимларни эмас, зўравонликни жим кузатганларнинг ҳам бошига ёғилади, кечикмасдан, ёппасига!

Санжар Саид

Мавзуга алоқадор

© 2024 Azon Global. Барча ҳуқуқлар ҳимояланган.