08.04.2024 12:40

Россия ва Қозоғистонда сув тошқинлари: вазият жиддийлигича қолмоқда

Урал дарёси сатҳи бутун давр учун рекорд даражада кўтарилиши натижасида Россиянинг Оренбург вилоятида аҳоли пунктларини сув босишда давом этмоқда. Тўғонлар сув босимига бардош бера олмаяпти.

Россиянинг 39 та ҳудудида 6,8 мингдан ортиқ турар-жой бинолари сув остида қолди, деб хабар берди РФ ФВВ матбуот хизмати. Энг қийин вазият Оренбург вилоятида кузатилмоқда.

Оренбургда Урал дарёси сатҳи якшанба оқшомига қадар тўққиз сантиметрга кўтарилди, деб хабар берди шаҳар мэрияси Телеграм-каналида.

"Оренбург гидрометеорология маркази маълумотларига кўра, 7 апрель куни кечқурун Оренбург яқинида Урал дарёси сув сатҳи 864 см га етган. Хавфли даража 930 см ни ташкил этади", - дея огоҳлантирмоқда шаҳар мэрияси.

РФ ФВВ Оренбург вилояти бошқармаси раҳбари Александр Куренков Орскдаги вазиятни «жиддий» деб атади.

“Урал дарёсидаги ҳимоя иншоотлари вайрон бўлган, Орск шаҳрида кескин вазият юзага келди. Оқибатда 4518 та турар-жой биноси ва 4587 та томорқа ерлари сув остида қолди”, — дея унинг сўзларидан иқтибос келтиради «Интерфакс».

Якшанба куни кечқурун шаҳар мэри Василий Козупица Телеграм-канали орқали Орскда Элшанка дарёси ҳам ўз қирғоқларидан тошиб кета бошлагани ҳақида хабар берди.

Маълумотларга кўра, вилоятдаги сув босган ҳудудлардан 4 мингдан ортиқ одам, жумладан, 885 нафар бола эвакуация қилинган.

Оренбург вилояти ҳукумати Орскдаги вазият энг ёмон сценарий бўйича ривожланаётганини таъкидламоқда. Тошқиннинг энг юқори чўққиси 10 апрелда кутилмоқда, вазият эса 20 апрелдан кейингина барқарорлашади.

Қозоғистон шимолида ҳам вазият жиддий

Қозоғистоннинг олти вилоятидаги 3,7 мингдан ортиқ турар-жой бинолари ҳам тошқин оқибатида сув остида қолди. Табиат ҳодисасидан Шимолий Қозоғистон, Атирау, Ақтўбе, Ақмола, Қўстанай ва Павлодар вилоятлари жабр кўрди. Бу ҳақда Фавқулодда вазиятлар вазирлигига таяниб, 24.kz хабар берди.

Қутқарувчилар, ҳарбий хизматчилар ва маҳаллий ҳокимият вакиллари тўғонларни мустаҳкамлаш ҳамда одаларни эвакуация қилишни ташкил этиш бўйича фаол ишламоқда.

Мамлакатда тошқин бошланганидан бери 75 минг киши қутқарилди, улардан 7,5 минг нафари вақтинчалик бошпаналарга жойлаштирилди. Қор ва музлар эриши натижасида вужудга келган сувнинг умумий ҳажми 7,5 миллион куб метрдан ошди.

Қозоғистонда март ойида бошланган сув тошқинлари республикадаги сўнгги 80 йилдаги энг йирик табиий офатга айланди, деди мамлакат президенти Қосим-Жомарт Тоқаев.

Мавзуга алоқадор

© 2024 Azon Global. Барча ҳуқуқлар ҳимояланган.