Қозоғистонда сув тошқинлари сабабли 12,7 мингдан зиёд киши эвакуация қилинди
Қозоғистоннинг турли вилоятларида сув тошқинлари сабабли эвакуация қилинганлар сони 12,7 мингдан ошди, улардан 5101 нафари болалар. Фавқулодда вазиятлар вазирлиги маълумотларига кўра, вақтинчалик жойлаштириш марказларида 5 497 киши бор.
29 март куни Қозоғистоннинг бир қатор вилоятларида сув тошқини туфайли фавқулодда ҳолат жорий этилди. Сув босган ҳудудлардаги баъзи аҳоли пунктлари йўллар ювилгани сабабли транспорт алоқасисиз қолган. 30 март куни Қозоғистон президенти Қосим-Жомарт Токаев мамлакатдаги сув тошқинлари туфайли юзага келган фавқулодда вазият юзасидан йиғилиш ўтказди.
Учрашувда Токаев сув тошқинидан жабр кўрган фуқаролардан узр
сўради. Йиғилиш якунлари бўйича бош вазирнинг биринчи ўринбосари Роман Скляр, сув хўжалиги ва
ирригация вазири Нуржан Нуржигитов, Атирау вилояти ҳокими Серик Шапкенов,
Акмола вилояти ҳокими Марат Ахметжанов, Олмаота вилояти ҳокими Марат Султангазиев, Павлодар вилояти ҳокими Асаин Байханов ва
Абай вилояти ҳокими Нурлан Уранхаевга қаттиқ танбеҳ берилди.
Қозоғистон президенти Қосим-Жомарт Токаев ҳукумат ва
маҳаллий ҳокимият органларининг мамлакатнинг бир қатор ҳудудларида сув тошқини
оқибатларини бартараф этиш борасидаги саъй-ҳаракатларини шахсан назорат
қилмоқда, дея хабар берди
давлат раҳбари матбуот хизмати.
Мавжуд вазиятдан келиб чиқиб, Қозоғистон ҳукумати
Қозоғистон-Россия чегарасининг айрим участкаларида транспорт ҳаракати учун
чекловлар киритди.
“Ақтўбе, Шарқий Қозоғистон, Ғарбий Қозоғистон, Абай ва
Қўстанай вилоятларида юзага келган оғир сув тошқини муносабати билан Қозоғистон-Россия
чегарасидаги республика
ва халқаро аҳамиятга молик автомобиль йўлларида автотранспорт воситаларининг
ҳаракатланишига чеклов қўйилиши мумкин”, дейилади Қозоғистон Миллий хавфсизлик қўмитаси хабарида.
Назорат
пунктлари олдида тирбандликлар юзага келгани сабабли ҳайдовчиларга
йўналишларини тўғрилаш тавсия этилди.
Маълумот
учун, ҳар йили баҳор мавсумида Қозоғистонда қор ва музлар эриши натижасида
тез-тез сув тошқинлари содир бўлади.