15.01.2024 17:43

Қозоғистонда 2024 йилда беш давлат иштирокида кенг кўламли ҳарбий машғулотлар ўтказилади

Қозоғистонда 2024 йилда жанговар тайёргарлик тадбирлари доирасида Озарбайжон ва Марказий Осиё давлатлари: Қирғизистон, Тожикистон, Ўзбекистон иштирокида кенг кўламли ҳарбий машғулотлар ўтказилади. Бу ҳақда 15 январь, душанба куни Қозоғистон Мудофаа вазирлиги матбуот хизмати хабар берди.

“Бу йил мамлакатимиз ҳудудида бешта давлат иштирокида кенг кўламли ўқув машғулотлари бўлиб ўтади ва улар юқори ташкилий савияда ўтказилиши керак. Марказий Осиё минтақасида хавфсизликни таъминлаш вазифасини бажаришда қардош халқлар ва қуролли кучлар ўртасидаги дўстона муносабатларни сақлаб қолиш биз учун ниҳоятда муҳим”, — деди Мудофаа вазири Руслан Яхшилиқов ўқув машғулотларининг асосий йўналишлари ва 2024 ўқув йилида Қозоғистон Республикаси Қуролли Кучларини ривожлантиришга бағишланган кенгайтирилган йиғилишда.

Мудофаа вазирининг биринчи ўринбосари – Қуролли Кучлар Бош штаби бошлиғи генерал-лейтенант Марат Хусаинов 2024 йилда 160 дан ортиқ тезкор ва 70 мингдан ортиқ жанговар тайёргарлик тадбирлари ўтказиш режалаштирилганини маълум қилди.

Қозоғистон Қуролли Кучлари Бош штаби бошлиғи денгиз флоти, ҳаво кучлари, «Ғарбий» минтақавий қўмондонлигининг махсус операциялар қўшинлари ҳамда Озарбайжон, Қирғизистон, Тожикистон ва Ўзбекистон ҳарбий контингентлари иштирокидаги «Бирлестик» машғулотлари уларнинг энг муҳимлари эканини таъкидлади.

Аввалроқ Американинг Global Firepower компанияси 2024 йилги дунёнинг энг кучли армиялари рўйхатини эълон қилган эди. Унда Қозоғистон 58, Озарбайжон 59, Ўзбекистон 65, Қирғизистон 100 ва Тожикистон 107-ўринни эгаллади.

Мавзуга алоқадор

© 2024 Azon Global. Барча ҳуқуқлар ҳимояланган.