16.08.2024 10:08

Қирғизистонда табиий офатлар хавфини камайтириш бўйича минтақавий форум бўлиб ўтди

15 август куни Қирғизистоннинг Иссиқкўл соҳилидаги Чўлпон-Ота шаҳрида Марказий Осиё мамлакатлари фавқулодда вазиятлар вазирликлари раҳбарларининг минтақавий форум-кенгаши бўлиб ўтди.

Тадбир Қирғизистон томони раислигида табиий офатлар хавфини камайтириш бўйича Сендай дастурини амалга ошириш соҳасида минтақавий ҳамкорликни мустаҳкамлаш масалаларини муҳокама қилиш ва ҳаракатларни мувофиқлаштириш мақсадида ўтказилди.

Форумда вазир генерал-майор Чингиз Аринов бошчилигидаги Қозоғистон делегацияси, Тожкистон фавқулодда вазиятлар ва фуқаролик мудофааси қўмитаси раисининг биринчи ўринбосари полковник Латифзода Хотамшо Латиф, Ўзбекистон фавқулодда вазиятлар вазири, генерал-майор Абдулла Қўлдошев, шунингдек, БМТ агентликлари, донорлар, халқаро ва нодавлат ташкилотлар вакиллари иштирок этди.

Қирғизистон фавқулодда вазиятлар вазири, генерал-майор Бообек Ажикеэв конструктив мулоқот, ахборот ва тажриба алмашиш борасида форумнинг аҳамиятини таъкидлаб, Марказий Осиё зилзилалардан тортиб кўчкиларгача турли хил табиий офатларга мойил бўлган заиф минтақа бўлиб қолаётганини айтиб ўтди. Қирғизистон ФВВ раҳбари, шунингдек, аҳоли ва ҳудудларни табиий ва техноген хусусиятли фавқулодда вазиятлардан ҳимоя қилиш бўйича саъй-ҳаракатларни кучайтириш бўйича бошқармалар ўртасидаги ҳамкорликни янада кучайтириш зарурлигини ҳам таъкидлади.

Минтақавий форум якунлари бўйича эришилган келишувлар ва ҳамкорлик бўйича режалаштирилган қадамларни жамлаган йиғилиш протоколи имзоланди.

Мавзуга алоқадор

© 2024 Azon Global. Барча ҳуқуқлар ҳимояланган.