16.01.2024 17:15

Қирғизистон ва Тожикистон яна 38 километрлик чегара бўйича келишиб олди

Топографик ишчи гуруҳлар Қирғизистон-Тожикистон 38 километрлик давлат чегараси бўйича келишиб олди, деб хабар бермоқда Қирғизистон Вазирлар Маҳкамаси матбуот хизмати.

“10-16 январь кунлари Қирғизистон Республикасининг Боткен вилояти Боткен шаҳрида топографик ишчи гуруҳларининг ҳамда Қирғизистон Республикаси ва Тожикистон Республикасининг  Қирғиз-тожик давлат чегарасини делимитация ва демаркация қилиш бўйича ҳукумат делегациялари ҳуқуқий масалалар бўйича ишчи гуруҳларининг навбатдаги йиғилиши бўлиб ўтди”, — дейилади хабарда.

Топографик ишчи гуруҳлар Қирғизистон-Тожикистон давлат чегарасининг 38,35 километри бўйича келишувга эришди.

Томонлар Тожикистон Республикаси ҳудудида бўлиб ўтадиган навбатдаги учрашувда қолган ҳудудларни тавсифлаш устида ишлашни давом эттиради.

Аввалроқ 8-14 декабрь кунлари Қирғизистон-Тожикистон давлат чегарасининг 47,05 километрлик қисми бўйича келишувга эришилгани ҳақида хабар берган эдик. Кейинроқ яна 12 километрга яқин чегара келишиб олинди.

Маълумот учун, Тожикистон ва Қирғизистон умумий чегараси 970 километрни ташкил этади. Айни пайтда, чегара чизиғининг бир неча юз километри ҳали делимитация ва демаркация қилинмаган. Томонларнинг учрашувлари бир-бирининг ҳудудида навбатма-навбат ўтказилади.

2022 йилги қирғиз-тожик можароси

2022 йилнинг 14 декабрь куни - Самарқандда ШҲТ саммити арафасида Қирғизистон ва Тожикистон ҳарбий хизматчилари ўртасида қуролли тўқнашув бошланган ва можаро 19 сентябргача давом этган эди.

Қирғиз-тожик чегарасидаги можаролар тарихидаги энг йирик ва қонли тўқнашувда ҳар икки томон ҳарбий ҳаракатлар бошланишида бир-бирини айблади. Қирғиз ҳукумати маълумотларига кўра, можаро пайтида қирғиз томондан 63 киши ҳалок бўлган, 140 мингга яқин одам эвакуация қилинган. Тожикистон Ташқи ишлар вазирлиги маълумотларига кўра, Тожикистон томонидан 59 киши ҳалок бўлган. «Озоди» радиоси Тожикистон томонида ҳалок бўлган 83 кишининг исмлари рўйхатини эълон қилди. Қирғизистон расмийларига кўра, жангларда 200 дан ортиқ тожик аскари ҳалок бўлган, 400 га яқини яраланган.

Тожикистон расмийлари сўнгги 12 йил ичида тожик-қирғиз чегарасида қурол ишлатиш билан боғлиқ 230 дан ортиқ ҳодиса содир бўлганини маълум қилди.

2022 йил 20 сентябрда мамлакатлар тинчлик шартномасини имзолади.

Мавзуга алоқадор

© 2024 Azon Global. Барча ҳуқуқлар ҳимояланган.