РБК маълумотларига кўра, июль ойида Марказий Осиё банклари томонидан Россия компанияларига тўловларни амалга оширишдан бош тортиш ҳолатлари 30 фоизгача ошган. Бу ҳақда ПЭК, Digital VED, GTL ва Logita Trade транспорт компаниялари томонидан тайёрланган шарҳда сўз боради.

Шунингдек, Қозоғистон, Қирғизистон, Ўзбекистон ва Тожикистон билан тўловларни амалга ошириш муддатлари икки ҳафтага узайгани хабар қилинган.

ПЭК молиявий директори Роман Ромашевскийнинг фикрича, муаммолар ушбу мамлакатларда банк қонунчилигига риоя қилиш кучайгани билан боғлиқ. Банклар компания, унинг таъсисчилари, мижозлари, маблағлар манбалари ва транзакция тафсилотлари тўғрисидаги маълумотларга нисбатан кўпроқ қўшимча ҳужжатлар ва тушунтиришларни талаб қилмоқда.

“Кўпинча тўловлар кечиктирилади ёки тушунтиришсиз қайтарилади. Хизмат кўрсатувчи Россия банки уларни билмайди ва тушунтириб бера олмайди, чунки муаммо чет элдаги қабул қилувчи банк томонида пайдо бўлади", - деб таъкидлайди Ромашевский.

Digital асосчиси Анна Фомичеванинг қўшимча қилишича, энг қийин вазиятлар Марказий Осиё банклари орқали бошқа давлатларга, жумладан, Хитойга ҳам товарлар учун тўловларни амалга оширишда юзага келмоқда.

Июнь ойида Қирғизистондаги компаниялар қийинчиликларга дуч келишганди. Кўпгина маҳаллий банклар "техник иш, рубль курсидаги ўзгарувчанлик ва валюта бозоридаги эҳтимолий кескин тебранишлар" туфайли тўловларни тўхтатди. Айрим компаниялар қирғизистонлик ҳамкорлар билан шартномаларини вақтинча бекор қилган. Аксарият транзакциялар аллақачон тикланган бўлса-да, тўловларни амалга ошириш учун ўртача вақт икки ҳафтагача узайиши мумкин.

Logita Trade бош директори Татьяна Алексееванинг қайд этишича, муаммолар июнь ойида Москва биржаси ва бошқа рус компанияларига нисбатан АҚШ санкциялари киритилганидан кейин бошланган. Бу Москва биржасида доллар ва евро савдоларининг тўхтатилишига олиб келди.

Июнь ойида АҚШ санкциялари киритилгач, Қозоғистон Қимматли қоғозлар марказий депозитарийси мижозларга Россия қимматли қоғозларини унинг номинал ихтиёридан олиб қўйишни тавсия қилганди.

Мавзуга алоқадор