Деизм ҳақидаги мазкур учинчи дарсимиз яна деист билан суҳбат шаклида бўлади. Унга мурожаат қиламиз:

Сен ишонган яратувчи – биз Аллоҳ дейдиган Зот – бу оламни нега яратган? Яъни турфа нақшлар билан безалган қушлар, капалаклар, гуллар, дарахтлар ва бошқа барча борлиқлар нима учун яратилган?

Зинҳор “Бирор мақсадсиз, шунчаки”, дема. Зеро, бу оламнинг яратгувчиси ҳикмат эгасидир. Яхшилаб қара, дунёдаги ҳамма нарсанинг маълум вазифаси, хусусиятлари бор. Бекорчи, беҳуда нарсанинг ўзи йўқ. Бу ҳам яратгувчимизнинг ҳикмат соҳиби эканини исботлайди. Шундай экан, қайси журъат билан “Бу оламнинг яратилишида бирор ғоя йўқ, шунчаки яратилган”, дейсан?

Модом сен яратилиш ғоясидан бехабарсан, у ҳолда биз ўргатайлик. Мазкур ғоя қуйидагича: ҳар бир камолот ва чирой соҳиби ўз камоли ва жамолини кўрсатишни хоҳлайди. Айни сир сабабли Аллоҳ ҳам камоли ва жамолини ошкор этиш учун бу оламни яратди. Мавжудотларнинг турфа ранг, турли шакл ва суратда яратилиши, ҳикмат билан ўралиши ҳам ана шу сирдандир. Яратгувчимиз Ўзини танитишни, билдиришни ирода этди ва пайғамбарлар, китоблар юборди. Акс ҳолда биз уни танимаган бўлардик. Масалан, яратгувчини “Аллоҳ” дедик. У Зотнинг “Аллоҳ” эканини бизга пайғамбарлар ўргатди. Бир ўйлаб кўр, пайғамбарлар бўлмаганида яратгувчимизнинг қандай аталишини ҳам билолмасдик.

Ўзини ошкор этиш учун бу оламни яратган ва шу сабабли ҳар бир мавжудотни турфа нақшлар ила безаган зотнинг ҳатто исмини ҳам билдирмаганини қандай қабул қиласан?

Ўзини ошкор этиш учун шунча мавжудотни бор қилган зот нега танилишнинг энг қисқа йўлини тутмасин ва пайғамбарлар, китоблар юбормасин?

Агар Аллоҳ фақат ўз мавжудиятидан хабардор бўлишимизни хоҳласа эди, оламни ва борлиқларни бунчалар зийнатламасди. Зеро, битта гулга боқиб ҳам яратгувчининг борлигини биламиз. Аммо Аллоҳ битта гул билан кифояланмади, ер юзини тўшама, баҳорни эса ўша тўшамага гулдаста қилди. Демак, фақат борлигини ошкор қилишни эмас, исм ва сифатлари билан билинишни ирода этди. Бу эса пайғамбарларнинг юборилиши, яъни Аллоҳ Ўзини хос элчилари воситасида танитиши билан амалга ошади. Агар элчилари бўлмаса, У Зотни таниёлмасдик, ҳатто нотўғри танирдик. Масалан, сенга шундай савол берсам: “Ишонган яратувчинг ухлайдими? Еб-ичадими? Жуфти, болалари борми?” Шу ва шунга ўхшаш сўровларга “йўқ” дея олиш учун ваҳий келтирган пайғамбарларга ва Аллоҳ Ўзини танитган китобларга муҳтож эмасмисан? Хира ақлинг билан бу саволларга қандай жавоб қайтарасан?

Хулоса шуки, Аллоҳ таоло бу оламни Ўзини билишимиз учун яратди. Мавжудотларни турфа-турфа зийнатлаш билан уларда тажалли этган исм ҳамда сифатлари ҳақида фикр юритишимизни истади. Буларнинг содир бўлиши учун эса албатта пайғамбарлар юборилиши ва китоблар туширилиши шарт. Чунки инсон ақли билан бир яратгувчини топса ҳам, унинг исм ва сифатларини тўғри кашф этолмайди. Ҳатто кўпинча хатога йўл қўяди. Оловга, сигирга, юлдузларга ва бошқа турли ашёга сиғинадиганлар сўзларимизга мисолдир. Бир пайғамбар келмаса, одам шундай адашади, сигирни маъбуд деб гумон қилади. Табиийки, бу оламни яратган Зот бундай хато қилишимизга изн бермайди ва Ўзини бизларга муносиб равишда танитадиган пайғамбарларни юборади, юборган ҳам. Куппа-кундуз куни қуёшни тан олмаслик қанчалар телбалик бўлса, мазкур ҳақиқатни инкор этиш ундан ҳам ортиқроқдир.

1-қисм: "Ҳаётга қарашингни ўзгартир": деизм хатоси (+видео)

2-қисм: “Ҳаётга қарашингни ўзгартир”: Одамлар нима учун деист бўлади? (+видео)


Мавзуга алоқадор