11.06.2024 10:07

Колумбиядан кўмир бойкоти: Исроилда электр нархи ошиши кутилмоқда

Исроилнинг асосий кўмир етказиб берувчиси бўлган Колумбия яҳудий давлатига қарши савдо бойкотига қўшилишини эълон қилди. Колумбия президенти Петро халқаро суднинг ҲАМАСга қарши жанговар ҳаракатларни тўхтатиш ҳақидаги талаблари қондирилгунига қадар Исроилга кўмир етказиб беришга эмбарго жорий этилишини маълум қилди.

Ynet маълумотларига кўра, Исроилда ишлаб чиқарилган умумий электр энергиясининг 26 фоизгачаси кўмирдан олинади.

“Бошқа қимматроқ муқобилларини излашни талаб қилувчи хавотирли қарор, шунингдек, яқин вақтларда углерод ташланмалари учун солиқ миқдорини ошириш режаси Исроилда электр энергияси нархининг кўтарилишига сабабчи бўлиши мумкин”, - дейилади хабарда.

Қайд этилишича, Исроил ҳукумати кўмир сотишни сўраб тўрт мамлакатга мурожаат қилган ва ижобий жавоб олган. Улардан бири Исроилни Ғазодаги геноцидда айблаб Халқаро судга берган Жанубий Африка Республикаси. Шунингдек, Австралия, Россия ва Қозоғистон ҳам кўмир сотишни маъқуллаган. Айни пайтда Россия ва Қозоғистон Исроилга кам миқдорда бўлса ҳам кўмир сотиб келмоқда.

Колумбиянинг ўзида хусусий бизнес сиёсатни иқтисод билан аралаштириш инвесторлар ишончига путур етказади ва жиддий оқибатларга олиб келиши мумкин, деб ҳисоблаб, президент қароридан хавотир билдирган.

Мавзуга алоқадор

© 2024 Azon Global. Барча ҳуқуқлар ҳимояланган.