25.06.2024 13:04
Энди боласини ноқонуний диний таълим олишга жалб қилган ота-оналар жавобгарликка тортилиши мумкин
Ўзбекистонда боласини ноқонуний диний таълим олишга жалб қилган ота-оналар ёки уларнинг ўрнини босувчи шахслар маъмурий жавобгарликка тортилиши мумкин. Бу ҳақдаги қонун лойиҳаси 25 июнь куни депутатлар томонидан биринчи ўқишда қабул қилинди.
Олий Мажлис Қонунчилик палатасининг навбатдаги мажлисида "Ўзбекистон Республикасининг айрим қонун ҳужжатларига бола ҳуқуқларини янада мустаҳкамлаш бўйича ўзгартириш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида"ги қонун лойиҳаси биринчи ўқишда кўриб чиқилди.
Қонун лойиҳаси билан ота-оналар ёки уларнинг ўрнини босувчи шахслар томонидан болани қонунга хилоф равишда диний таълим олиш жараёнига жалб қилганлик учун маъмурий жавобгарлик белгилаш, бунда Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекснинг 47-моддасини (Болаларни тарбиялаш ва уларга таълим бериш борасидаги мажбуриятларни бажармаслик) қўшимча бандлар билан тўлдириш таклиф этилмоқда.
Яъни, ота-оналар ёки уларнинг ўрнини босувчи шахслар томонидан бола қонунга хилоф равишда диний таълим олиш жараёнига жалб қилинса, базавий ҳисоблаш миқдорининг 10 бараваридан 15 бараваригача жаримага тортилади. Худди шундай ҳуқуқбузарлик маъмурий жазо чораси қўлланилганидан кейин бир йил давомида такрор содир этилса, БҲМнинг 15 бараваридан 25 бараваригача жарима ёки 15 суткагача маъмурий қамоқ жазосини тайинлаш белгиланмоқда.
Шунингдек, ота-оналар ёки уларнинг ўрнини босувчи шахслар томонидан болани қонунга хилоф равишда диний таълим олиш жараёнига жалб қилишга, яъни болани рўйхатдан ўтказилмаган ёки лицензияга эга бўлмаган ташкилотлар ёхуд махсус диний маълумоти бўлмаган ва диний ташкилотларнинг Ўзбекистон бўйича марказий бошқарув органининг рухсатисиз диний таълим бераётган шахслар ихтиёрига диний таълим олиши учун топширишга йўл қўйилмаслиги белгилаб қўйилмоқда.