29.06.2024 11:17
БМТ бош котиби Антониу Гутерриш Ўзбекистонга келади
Бугун, 29 июнь куни БМТ бош котиби Антониу Гутерриш Марказий Осиё давлатларига сафарини бошлайди. Бу ҳақда ташкилот ахборот хизмати хабар берди.
Қайд этилишича, у аввал Ўзбекистонга, сўнгра Қирғизистон, Қозоғистон, Тожикистон ва Туркманистонга ташриф буюради. Гутерриш минтақага 2017 йилда келган эди. Жорий сафар 7 июлга қадар давом этади.
БМТ бош котиби матбуот котиби Стефан Дюжаррик жума куни Ню-Йоркда бўлиб ўтган брифингда Гутерриш ҳар бир мамлакатда давлат раҳбари ва юқори мартабали ҳукумат вакиллари билан учрашишини, иқлим ўзгаришига қарши кураш бўйича лойиҳалар билан танишишини, шунингдек, маҳаллий фаоллар билан мулоқот қилишини айтди.
4 июль куни БМТ бош котиби Шанхай ҳамкорлик ташкилотининг Остонадаги саммитида иштирок этади. Гутерриш ўз нутқида БМТ Низоми ва Инсон ҳуқуқлари умумжаҳон декларациясига асосланган кўп томонлама тамойилларга содиқликни яна бир бор тасдиқлаш зарурлигини таъкидлайди. У бу саъй-ҳаракатларнинг марказида тинчлик бўлиши кераклигини билдиради.
БМТ бош котиби, шунингдек, халқаро ҳамжамиятни геосиёсий зиддиятлар умумий таҳдидларни, жумладан, иқлим ўзгаришига қарши курашни самарали бартараф этишга имкон бермаслиги ҳақида огоҳлантирмоқчи.