АҚШ уйғурларни мажбуран ишлатаётган Хитойга қарши санкция қўллади
Байден маъмурияти денгиз маҳсулотлари, алюминий ва пойабзал ишлаб чиқарувчи учта Хитой компанияси билан савдо қилишни тақиқлади. АҚШ Молия вазирлиги ушбу фирмаларни Шинжон-Уйғур автоном районида яшовчи туркий аҳолини мажбуран ишлатаётганликда айблаган. Бу ҳақда TRT телерадиоканали хабар берди.
Аввалроқ Қўшма Штатлар Хитойнинг тўқимачилик, қуёш панеллари
ва денгиз маҳсулотларини қайта ишлаш сингари ишлаб чиқаришнинг турли соҳаларида
фаолият юритувчи компанияларини қора рўйхатга киритган эди. Расмий Вашингтон
уларнинг барчасида уйғурлар қул каби мажбурий меҳнатга тортилганидан хавотир
олаётганини бот-бот такрорлаб келади.
Янги жазо чораларини инобатга олганда Хитойнинг инсон
ҳуқуқларини топташга асосланган дастурларида иштирок этаётган ташкилотлар
рўйхатига 68 та компания киритилган – бу йил бошидаги фирмалар сонига қараганда
икки баравар кўп дегани.
"Хитой ҳукумати минтақада миллий озчилик вакилларини
завод, кон ва меҳнат лагерларига мажбуран кўчириш дастурини амалга оширмоқда.
Расмийлар бу дастурлар гўёки қашшоқликка қарши курашишга қаратилганини айтиб,
сувдан қурурқ чиқишга уриняпти", – дейилади бу ҳақдаги баёнотда.
Шунга қарамай, инсон ҳуқуқлари бўйича экспертлар уйғурларга
нисбатан тазйиқлар ортиб бораётгани, иш жойини бироз муддатга ташлаб кетганлар
эса қаттиқ жазоланишини айтиб келишади.