17 мингдан ортиқ ўзбекистонлик АҚШдан бошпана сўраган
2023 йилда АҚШга 50 мингдан ошиқ марказий осиёлик ноқонуний равишда чегарани кесиб ўтган, дея маълум қилди Монтана штати сенатори Стив Дейнс "юқори мартабали амалдор" маълумотларига таяниб.
Дейнс
муҳожирлар оқимидан хавотир билдириб, уларнинг баъзилари "АҚШ ҳудудида
террористик ҳужумлар уюштириши мумкин бўлган уйқудаги ячейкалар" шаклида
потенциал хавф туғдириши мумкинлигини таъкидлади.
АҚШда
бошпана сўровлари бўйича суд мажлисларини кузатувчи Transaction Records
Analysis Center (TRAC) маълумотларига кўра, ҳозирда Марказий Осиё
давлатларининг камида 40 минг фуқароси иш кўриши кутилмоқда. Уларнинг 17
минг нафари Ўзбекистон, 7 минг нафари Қирғизистон, 3 минг нафари Тожикистон,
2,7 минг нафари Қозоғистон ва 2 минг нафари Туркманистон фуқароларидир.
Чегарадаги муҳожирлар инқирози муносабати билан сенатор АҚШ
президенти Жо Байденга мурожаат қилиб, уни чора кўришга чақирди.
Daily Mail томонидан тақдим этилган расмий статистик
маълумотларга кўра, Байден 2021 йилда президентликка келганидан бери 7,3
миллиондан ортиқ муҳожир АҚШ чегарасини ноқонуний кесиб ўтган. Бир ой ичида
чегарани кесиб ўтган муҳожирларнинг рекорд сони 2023 йил декабрида қайд этилган ва 302 минг кишидан ошган.
Улардан 19 нафари ФҚБнинг қидирувдаги террорчилар рўйхатида бўлган.
Таъкидлаш
жоизки, миграция масаласи 2024 йилги президентлик сайлови кампаниясининг
асосий жиҳатларидан бирига айланди.
Reuters-Ipsos агентлигининг 31 январь куни ўтказилган сўрови
Американинг миграция муаммоларига қизиқиши ортиб бораётганини кўрсатди,
респондентларнинг 17 фоизи ушбу
масалани АҚШнинг айни дамдаги энг долзарб муаммоси деб атаган.
Эслатиб
ўтамиз, 3 март куни 74 нафар, 2023 йилнинг декабрида эса 119 нафар Мексика
орқали АҚШга ноқонуний ўтган Ўзбекистон фуқароси АҚШдан депортация қилинди. АҚШнинг
Тошкентдаги элчихонаси Америкага ноқонуний равишда борганларни депортация қилиш
давом этишини билдирди.