30.01.2024 10:13

АҚШда мигрантлар инқирози Техас ва Байден маъмурияти ўртасидаги зиддиятларни кучайтирмоқда

Байден маъмурияти ва Техас губернатори Грег Эбботт ўртасида иммиграция сиёсати бўйича қарама-қаршилик юзага келди. Бу зиддият Техаснинг федерал буйруқларни бузгани ва АҚШ-Мексика чегараси бўйлаб кўпроқ тиканли симларини ўрнатиши сабабли яна ҳам жиддий тус олди.

Муҳожирларнинг чегарадан ўтишига чек қўйишга қаратилган тиканли симларни чегара ҳудуди бўйлаб ўрнатиш масаласи можаронинг асосини ташкил қилади. АҚШ жанубий чегарасида муҳожирлар инқирози давом этар экан, штат ва мамлакат раҳбарияти ўртасидаги келишмовчилик янада кучаймоқда.

Фото: Грег Эбботт.

Техас губернатори Грег Эбботт муҳожирларнинг бошпана сўраши унинг штатига "босқин" эканлигини эълон қилган ва чегарадаги федерал ҳокимиятни ўз қўлига олганини оқлаб чиққан эди.

Байден маъмурияти ва Техас ўртасида қарама-қаршиликнинг асоси Конгресс шу ҳафта муҳокама қиладиган икки партиявий иммиграция қонуни билан боғлиқ. Президент Байден, агар қонун лойиҳаси қўллаб-қувватланса, муҳожирларнинг АҚШга киришини тўхтатишини таъкидлади.

Келишмовчиликнинг яна бир асоси шунда: Бу Техаснинг чегара хизмати федерал хизмат ходимларини Мекцсикадан ноқонуний равишда кесиб ўтадиган мигрантлар учун асосий ўтиш нуқтаси бўлган АҚШ-Мексика чегарасидаги зонага киритишдан бош тортиши билан боғлиқ. Ушбу баҳс ноқонуний кесиб ўтиш ва Техаснинг Рио Грандедаги сузувчи тўсиқлар каби агрессив чегара чораларини қўллаши билан яна ҳам зўрайди.

Фото: чегарадаги сузувчи тўсиқ.

Техас яқинда муҳожирларни ноқонуний кириш айби билан ҳибсга олишга рухсат берувчи янги қонунни қабул қилди ва бу Байден маъмурияти билан муносабатларни янада кескинлаштирди. Федерал ҳукумат, агар штат ҳукуматга мамлакатга ноқонуний равишда кирган муҳожирларни ҳибсга олиш, қамоққа олиш, жиноий жавобгарликка тортиш ва депортация қилиш имконини берувчи ушбу қонунни қўлласа, Техас ҳукуматига нисбатан қонуний чоралар қўллаши мумкинлиги ҳақида огоҳлантирди.

Ушбу кескинликларга жавобан Байден маъмурияти АҚШдаги тартибсиз иммиграцияга қарши энг қаттиқ қоидалардан бири бўлган SB4 қонуни бўйича Техасни судга бериш билан таҳдид қилди. Мазкур қонун маҳаллий ҳокимият органларига тегишли ҳужжатларсиз шахсларни ҳибсга олиш ва депортация жараёнини бошлаш ҳуқуқини беради.

Давом этаётган келишмовчиликлар фонида губернатор Грег Абботт ўзини Байден маъмуриятининг позициясига қарши эканлигини эълон қилди ва чегара бўйлаб қўшимча тиканли симларни ўрнатишга ваъда берди. АҚШ-Мексика чегарасини назорат қилиш устида курашнинг кучайиши иммиграция сиёсати ва уларни қўллаш билан боғлиқ мураккаб муаммоларни ўртага чиқариши мумкин.

АҚШ Чегара хизмати 2021 йил январь ойи — Байден маъмуриятининг бошидан бери 2023 йил декабригача чегарани ноқонуний кесиб ўтмоқчи бўлган 6,3 миллион муҳожирга тўқнаш келган. Уларнинг қарийб 4 миллиони ёки тахминан 58 фоизи қисман Техасдаги чегара секторларида бўлган. Қолаверса, Миллий хавфсизлик департаменти ҳисоб-китобларига кўра, 1,6-1,8 миллионга яқин ноқонуний муҳожирлар чегара хизмати томонидан қўлга олинмасдан, хавфсиз равишда мамлакат ичига кириб кетган.

Чегарани ноқонуний кесиб ўтувчилар сони ортгани сабабли Техас губернатори Грег Эбботт 2021 йил мартда чегара хавфсизлигини қўллаб-қувватлаш мақсадида Техас миллий гвардияси, Техас жамоат хавфсизлиги департаменти (DPS) ва бошқа ҳуқуқ-тартибот ходимларини жойлаштириш бўйича штат даражасидаги ташаббус бўлган Lone Star операциясини бошлади. Чегара хизмати ва Техас агентликлари ўртасида  келишмовчиликлар аввалдан бўлиб келган.

Вазиятни яна ҳам жиддийлаштирган ҳолат шу бўлдики, Техас Миллий гвардияси 2023 йил октабригача Эагле довони яқинидаги чегарага 70 мингга яқин тиканли сим жойлаштирган эди. Чегара хизмати ходимлари бундан норози бўлди, чунки бу уларнинг чегара бўйлаб ҳаракатланишлари, айниқса дарё қирғоғидан ўтиш имкониятини чекларди. Техас Миллий гвардияси ва DPS вақти-вақти билан хавф остида қолган муҳожирларга кўмак бериш ёки уларни чиқариб юбориш ёхуд қўйиб юбориш мақсадида симларни узиб қўйишади, бироқ Чегара хизмати бу симларни бутунлай кесиб ташлаш керак, дея Техас билан  келишмовчилик юзага чиқарди.

2023 йил сентябрь ойида Чегара хизмати Техас миллий гвардияси орқали Эагле Пассда (Техас) ўрнатилган тиканли симни кесишни бошлади. 24 октабрь куни эса Техас штати федерал судда чегара хизматини симни кесишни тўхтатишни талаб қилди. Суд бу талабни рад этди. Шундан сўнг Техас бешинчи суд учун Қўшма Штатлар апелляция судига шикоят қилди. Суд фавқулодда ҳолатлардан ташқари чегара хизматидан симларни кесмасликни буюрди.

Шундан сўнг вазият бироз юмшади. Бироқ 10 январь куни Техас штати Эагле Пасс шаҳрига тегишли ва Рио-Грандига туташган Шелби-паркни эгаллаб олади. Тағин вазият кескин назоратдан чиқиб кетди. Шундан сўнг Техас Миллий гвардияси боғ атрофида тўсиқлар ўрнатди ва чегара хизмати ходимларига боғ объектларига, жумладан, қайиқ рампасига киришини тақиқлаб қўйди.

Йигирма беш нафар республикачи губернатор, губернатор Эбботт ва унинг Техас штатини “ноқонуний муҳожирлар, фентанил каби ҳалокатли дорилар ва террорчилар” ишғол этаётгани ҳақидаги даъвосини қўллаб-қувватловчи қўшма баёнот чиқарди. Эбботнинг баёнотини яна кўпчилик қўллаб қувватлади