19.12.2023 09:57
Техас губернатори ноқонуний муҳожирларни ҳибсга олишга рухсат берувчи қонунни имзолади
Техас губернатори штат органларига АҚШ-Мексика чегарасини ноқонуний кесиб ўтганликда гумонланган шахсларни ҳибсга олиш ва депортация қилиш имконини берувчи қонунни имзолади.
Чегарадаги Браунсвилл шаҳрида бўлиб ўтган маросимда қонун лойиҳасини имзолаган Эбботт президент Жо Байденни Техасга "ноқонуний кириш тўлқини"ни тўхтатиш учун ҳеч қандай чора кўрмаганликда айблади ва бу чора рухсатсиз келишларни 50-75 фоизга камайтиришини айтди.
"Байденнинг қасддан ҳаракатсизлиги Техасни қийин аҳволга солиб қўйди", - деди Эбботт ва ушбу чора бўйича рухсат этилмаган кириш оқибатларини "шунчалик ўта оғирки, картеллар томонидан контрабанда қилинган одамлар Техасга келишни хоҳлашмаслигини” таъкидлади.
Янги қонунга кўра, Техас штати полицияси чегарани ноқонуний кесиб ўтганликда гумон қилинган ҳар қандай шахсни ҳибсга олиши, маҳаллий судьялар эса уларга мамлакатдан чиқариб юбориш бўйича қарор қабул қилиш ҳуқуқига эга бўлади.
Республикачи губернатор Грег Эбботтнинг душанба куни Сенатнинг 4-сонли қонун лойиҳасини маъқуллаши одатда иммиграция қонунларини амалга ошириш вазифаси юклатилган федерал ҳукумат билан ҳуқуқий курашни юзага келтирди.
Танқидчилар ушбу қонунни 2010 йилда АҚШ Олий суди томонидан бекор қилинган Аризона қонунидан кейин иммиграцияни тартибга солишга қаратилган энг кенг қамровли уриниш деб аташди.
Техасдаги Америка фуқаролик эркинликлари иттифоқи душанба куни бу чорага суд орқали эътироз билдиришини билдириб, ҳужжатнинг "федерал иммиграция қонунига зид келиши” ҳамда ирқий зиддиятларни қўзғатишини маълум қилди.
Конгрессдаги 20 дан ортиқ демократлар ҳам АҚШ Адлия вазирлигини ҳужжатни бекор қилиш учун судга даъво киритишга чақирган хатни имзолашди.
Аввалроқ АҚШнинг Ўзбекистондаги элчихонаси мамлакатга ноқонуний йўллар билан кириб келган ўзбекистонликлар (айнан Ўзбекистон фуқаролари!) ҳибсга олиниши ва депортация қилиниши мумкинлигидан огоҳлантирган эди. Кейинроқ элчихона ўз хабарини ўчирди.