23.08.2024 10:18

Украина илк бор Мурманск вилоятига “дрон” учирди: рекорд масофа – 1850 км

Чоршанба куни Украина учувчисиз учоқлари Мурманск вилоятига ҳужум қилди, деди вилоят губернатори Андрей Чибис.

z-ҳарбий мухбирларнинг маълумотларига кўра, учувчисиз учоқлар Ту-95МС ва Ту-22М3 стратегик ракета ташувчилари жойлашган Оленя ҳарбий аэродроми жойлашган ҳудуд шимолидаги Високий қишлоғигача учиб боришга муваффақ бўлган.

Украина учувчисиз учоқлари уруш бошланганидан буён илк бор рекорд даражада узоқликдаги объектга ҳужум уюштирди: чегарадан Високий қишлоғигача бўлган масофа 1850 км.

Аввалги рекорд – 1800 км – Украина Қуролли Кучлари томонидан май ойи охирида, ядровий зарба учун эрта огоҳлантирувчи радар станцияси (Воронеж радарлари) жойлашган Оренбург вилоятидаги Орск шаҳрига ҳужум қилганда ўрнатилганди. Бунгача Украина дронларининг энг узоқдаги нишони Россия-Украина чегарасидан 1660 км узоқликда жойлашган Бошқирдистон Республикасининг Салават шаҳридаги объект бўлган.

Mash маълумотларига кўра, Мурманск вилоятига ҳужум қилган дрон Черниговдан учирилган бўлиши мумкин. Маҳаллий аҳолининг сўзларига кўра, худди шундай А22 “Учар тулки” русумли учувчисиз учоқ бир кун аввал минтақада кўрилган. Мурманск ва Апатит аэропортларида рейд туфайли ҳаво ҳудудидан фойдаланишга чекловлар жорий этилди.

Аслида, билвосита йўналишни ҳисобга олган ҳолда, дрон тахминан 2000 км масофани босиб ўтган ва бу Россия ҳаво мудофааси тизимидаги "катта тирқишлар" туфайли содир бўлди, деб ёзади “Военный осведомитель”. “Бундай узоқ масофага ҳаво ҳужумидан мудофаа зоналари хариталари ва уларнинг радарлари ишлашини ҳисобга олган ҳолда яхши ишлаб чиқилган маршрут туфайли учиб ўта олган”, деб таъкидлайди канал муаллифи.

Мавзуга алоқадор

© 2024 Azon Global. Барча ҳуқуқлар ҳимояланган.